Ассалому алайкум ҳурматли азиз радиомиз мухлислари. Сизлар билан яна ҳаво мавжлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сиз, азизлар билан, бир неча дақиқа давомида бирга бўламан. Азиз радио тингловчи биродарлар, ер юзидаги вақтинчалик ҳаётимиз даврида ҳар бир имонли киши шайтонга қарши мустаҳкам имон билан туриши керак.
1 Бутрус китобининг 5 боби 9 ояти ва Ёқуб мактубининг 4 боби 7 ояти ҳамда Эфесликларга мактубининг 6 боби 11ва 18 оятлари ҳар биримизни шунга чақиради. Иблисга қарши ҳимоя қалқонига эга бўлиш учун имонли Худо Каломидан тўғри фойдаланишни билиши ҳамда тўғри ва муттасил дуо қилишга одатланиши керак.
Бу икки фактор дуо қилиш ва Худо Каломи шайтон ва унинг жинларига қарши жангда руҳий ҳаракатларимизнинг асосий таянчи, бошқача қилиб айтганда, бизни тик ушлаб турадиган «умуртқа поғонамиз» ҳисобланади. Энди эса, хурматли радио тингловчилар келинг, ёвуз кучларга қарши курашда бизни ҳимоя қиладиган бу икки ҳақиқатни батафсил ўрганиб чиқишга ҳаракат қиламиз.
Аса деб номланувчи жой Раббимиз Исо Масиҳ туғилгунга қадар бўлган, тахминан 890-900 йилларда Яҳудо шоҳи жанубий шоҳлик бўлган. Кушитлар яъни эфиопияликлар қўшини жанубдан Асага ҳужум қилган пайтда, душман қўшини олдида, яъни эфиопияликлар қўшини 300 мингдан иборат эди.Бу эса Аса қўшинига қараганда уч баробар кўпроқ эди.
Шунда улар фарёд кўтариб, Худодан ёрдам сўрайди. Шоҳ Аса Яҳудо қўшинларининг куч-қудратини эмас, балки айнан Худо сўнгги ва энг яхши ҳимоя эканлигини итоаткорлик билан тан олади. Бу ҳақида 2 Солномалар китобининг 14 боби 11 оятида ёзилган. Худо эфиопияликлар қўшинини батамом яксон қилган ҳолда, шоҳ Асанинг дуосига жавоб берди.
Бу ҳодиса жангда қўшиннинг ката-кичиклиги эмас, балки Худога бўлган комил ишонч ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Худо учун, ҳар доимгидек, ишонч муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, шоҳ Асанинг Худога бўлган ишончи қўрқув туфайли юзага келмаган. Асанинг дуою ибодатининг ўзига хос томони шундан иборат эдики, у кўп йиллар давомида Худога дуо қилган, топинган ва Уни улуғлаб келган, деб айтади 2 Солномалар китобининг 14 боби 2 ва 7 оятлари.
Шоҳ Асанинг бошқаруви туфайли шоҳликда бобоси Сулаймон томонидан киритилган кўплаб гуноҳли расм-русмларга барҳам берилган. Бу нарса, агар Худонинг халқи топиниш ва дуо қилишни биринчи ўринга қўйса, Худо Ўз ваъдасига содиқ қолиб, у ҳақда қайғуради деган ҳақиқатни тасдиқлайди. Аммо одамлар Худодан юз ўгириб, ўз ҳаётлари давомида бойлик ва шон-шуҳратни ҳамма нарсадан устун қўйсалар, Худо уларнинг пароканда бўлишларига йўл қўйган. Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр саломат бўлинглар.