Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарларимиз. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турибмиз, бу учун Отамиз ва Худовандимизга шон-шарафлар бўлсин. Микрофон қаршисида мен Ғолиббек. Муқаддас Китобни ўқимайдиган ва Худо ҳақида кам биладиган баъзи мамлакатларда кўп кишилар оламда ҳар хил худолар бор, деб ишонишади.
Баъзилари иккита худо бор деса, бошқалари тўртта, деб ишонади. Ҳатто юзлаб ва минглаб худоларнинг борлигига ишонадиган халқлар ҳам бор. Баъзилар қуёш ва ойни ҳам худо деб билиб, уларга сиғинишади, зарур бўлганда ўз муҳтожликлари ҳақида сўраб, уларга илтижо қилишади. Бироқ қуёш ва ой бизга ёрдам бера оладими? Албатта, йўқ!
Уларнинг ўзи Худонинг яратган маҳсули ҳисобланади, шунинг учун ҳам қуёш ва ой худо бўлолмайди. Биз Худонинг яратган нарсасига эмас, балки Унинг Ўзига топинишимиз керак. Фаришталарга сиғинишимиз мумкинми? Улар худо бўлиши мумкинми? Яна йўқ. Фаришталар тирик жонзот ҳисобланади. Уларнинг баъзилари айни дақиқада кўзимизга кўринмаётган бўлса-да, бизнинг орамизда турган бўлиши ҳам мумкин.
Бироқ уларга топиниш мумкин эмас! Фаришталар худо эмас, балки Худонинг хизматчиларидир. Худонинг Ўзи уларни яратган. Фаришталар Худони севишади ва Унга хизмат қилишади. Фаришталар шу қадар кўп-ки, биз уларнинг сонини ҳатто тасаввур ҳам қилолмаймиз.Самода биз ишонадиган Худодан бошқа худолар ҳам борми? Қуйидаги қисқача мисолни ўқигач, бу саволга жавобни ўзингиз беришингиз мумкин.
Бир жамоат оқсоқоли, жамоатдаги бир кичик боладан Худонинг ягона эканлигини билармикан-йўқми, деб қизиқиб, ундан сўрабди: Сен биласанми? Қани менга айтгинчи, оламда қанча худолар бор? Битта, деб жавоб қилибди ўша бола. Сен буни қаёқдан биласан? Чунки оламда бошқа худолар учун жой йўқ,- дебди болакай. Бизнинг Худомиз бутун осмонни ва ҳамма ерни эгаллаб туради. Бу жуда яхши жавоб.
Шунинг учун ҳам биз Худони Унинг яратган барча нарсаларидан кўра кўпроқ яхши кўришимиз керак. Худо У самода яшайди. Бу бошимиз узра булутлар сўзадиган ва самолётлар учадиган осмон эмас, балки Муқаддас Китобда айтилган самодир. Худо яшайдиган самони биз кўра олмаймиз. Биз Худо самода, деб айтган пайтимизда бу самонинг айнан қаерда эканлигини билмаймиз.
Бироқ унинг жуда яхши эканлигини биламиз, ишонамиз ва у ерга боришни ҳар биримиз истаймиз. Агар Худони билсак ва Уни севсак, ўлганимиздан сўнг Худо ва Унинг фаришталари яшайдиган жойга бора оламиз. Сeн Худонинг Руҳ эканлигини биласанми? Бу Унинг танага эга эмаслигини англатади. Сен ва биз руҳимиз яшайдиган танага эгамиз. Худога эса тананинг кераги йўқ. У борлиқдаги энг ажойиб Зотдир. У ҳеч қачон хато қилмайди. Яна учрашгунча хайр омон бўлинглар.