3:01

Ваъз 151

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлисларимиз. Яна сиз азизлар билан радио қаршисида учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Хонадонингизга тинчлик бўлсин. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли радио тингловчи азиз биродар, ҳозирги кунда муаммолар нафақат дунёда, балки масиҳий биродарлар орасида ҳам кўпайиб бораётгандек.

Одатда ҳаётимизда муаммо пайдо бўлганида, биз инсонлар, оддий қараб туришга ўрганмаганмиз. Шундай пайтларда инсонда нимадир содир бўлади. Ҳар қандай йўл билан бўлса-да биз шу муаммони ечишга уриниб кўрамиз. Албатта ҳеч ким ҳаётида муаммолар бўлишини истамаса керак. Шунинг учун ҳам ҳар қандай инсон ўз муаммосини ечимини қидиради ва турли хил ҳаракатларни амалга ошириб кўради.

Қайсидир муаммолар балки инсоннинг ҳаётини кейинчалик бўлса ҳам яхши тарафга ўзгартиришга хизмат қилиши мумкин. Лекин инсон буни бошида англамай, бор кучи билан уни ечимини излайди. Охир-оқибат ечим топилмагач, тақдирга тан берамиз. Лекин баъзида Худованд томонидан биз, инсонларни, ўзгаришимиз учун юборилган муаммоларни ҳам бир амаллаб ўзгартириб юборишимиз ҳам мумкин.

Натижада инсон нотўғри йўл тутганини англаб етганида кеч бўлиши ҳам мумкин. Чунки Худованд инсонларни ўзгартириш учун ҳар қандай усуллардан ҳам фойдаланади. Шунинг учун, азиз биродарлар, ҳаётимизда муаммоларга дуч келганимизда аввалом бор Худованддан сўрайлик. Нима учун шу муаммо айнан менинг ҳаётимда ёки оиламда содир бўлди.

Худованд менга шу муаммонинг ечимини кўрсатгин деб. Балки шу муаммолар орқали Худованд сизга яхшиликни раво кўргандир. Шу йўл билан кимнингдир онгини ва кўзларини очмоқчидир. Нима бўлганида ҳам Худованднинг режасини билиш муҳимдир. Кимдир айтиши мумкин, қандай қилиб Худованднинг жавобини билишим мумкин деб.

Азизлар, аввалом бор, Муқаддас Китобдан жавоб топишга уриниб кўришимиз лозим. Бундан ташқари, биродарларга ўз муаммонгиз ҳақида айтиб беринг ва уларнинг маслаҳатларини тингланг. Ибодатхонада воизхонларнинг айтаётганларини диққат билан тингланг, бундан ташқари машҳур воизхонларнинг гапларини дисклар ва касеталар орқали диққат билан тинглаб кўринг. Балки айнан шу муаммога тегишли бўлган китоблар бордир.

Энг муҳими эса рўза тутиб ибодат қилинг. 2 Коринфликларга мактубининг 12 боби 8 оятида Павлус шундай деб ибодат қилганлиги ёзилган: ”Буни мендан йироқлаштиргин деб, уч марта Раббимга ёлвордим”. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳар биримизга яхши маълумки, ҳар қандай муаммонинг ечими Худованддадир. Худованддан ҳар қандай қулфни очиш учун калит топилади.

Фақатгина шу калитни менга беринг деб ундан сўрашимиз керак. Шунинг билан азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top