Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Бугун мен Ғолиббек сизлар билан радио қаршисидаман. Ҳурматли радио тингловчи мухлислар, келинг бугунги эшиттиришимиз давомида абадий ҳаёт ҳақида суҳбатлашсак.
Азиз дўстим, балки сиз абадий ҳаёт деган гапларни масиҳий дўстларингиздан кўп марта эшитгандирсиз. Балки буни охиригача тушунишга ҳали улгурмагандирсиз. Абадий ҳаёт ўз номи билан айтиб турибдики, у ҳеч қачон тугамайди. Агар оддий қилиб айтадиган бўлсак, асрлардан асрларгача давом этадиган чеки йўқ ҳаётдир.
Албатта бундай ҳаётга хоҳлаган инсон эга бўлиши мумкин. Шу жумладан сиз ҳам. Агар бозорга борсангиз, сиз ёқтирган ва сизнинг орзуингиз бўлган янги машинани бошқаларга нисбатан ўн фоиз арзон нарҳда сотиб олишни сизга таклиф қилса, нима қилардингиз? Албатта ҳозир сиз бемалол айтишингиз мумкин, ҳеч иккиланмасдан сотиб олар эдим деб.
Мен ишонаман, сотиб олишга қўрқар эдингиз, балки бунинг бирон жойи бузуқ бўлиши мумкин, бекорга арзон нарҳда менга таклиф қилмаяпти, деб ўйлар эдингиз. Ҳа, азиз дўстим, бу сизнинг камчилигингиз эмас, аксинча инсонинг табиати ўзи шунақа. Ҳаво исиб кетса ҳам нолиймиз, ҳаво совуқ бўлса ҳам барибир нолиймиз.
Агар мободо ҳаво илиқ бўлса ёки совуқ ҳавони ёки аксинча иссиқ ҳавони истаб қоламиз. Абадий ҳаёт ҳақида сизга кимдир гапирса ҳам балки шундай ўйлаган бўлар эдингиз. Лекин бу эртак эмас, бу ҳақиқат, бу Худованд томонидан шундай ҳаётга эришишни истовчиларга текинга бериладиган ажойиб совғадир.
Раббимиз Исога ишонган ҳар бир киши У билан жаннатда абадий яшайди. Бу дунёда ҳамма инсон вақтинчалик ҳаёт кечиради. Асосий абадий ҳаёт кечириш ёки азобланишлар ўлимдан сўнг бошланади. Азиз дўстим, агар сиз ҳам Худованд томонидан совға сифатида бериладиган абадий ҳаётга эга бўлишни истасангиз, унинг олдида барча ҳозирги кунгача қилган гуноҳларингиз учун кечирим беришини сўранг.
Унга ибодат орқали илтижо қилиб гуноҳларимни кечир, мен ҳам абадий ҳаётингдан баҳраманд бўлмоқчиман, деб айтинг. Менга ҳам бир пайтлар шундай деб ибодат қилишимни айтганларида, тўғриси, бу эртак, мен бунга ишонмайман деб ўйлаган эдим. Минг афсуслар бўлсин, қаттиқ адашган эканман. Азиз дўстим, сиз гуноҳларингиз учун кечирим олмагунингизча абадий ҳаётнинг нима эканлигини тушуна олмайсиз.
Шунинг учун ҳозирнинг ўзидаёқ шундай деб, ўз сўзларингиз билан Худованддан кечирим сўранг. “Азиз Худованд, мен гуноҳкорман, мени кечир, мен барча гуноҳларимни тан оламан ва Сендан кечирим беришингни сўрайман. Менинг ҳаётимни бошқар ва менга абадий ҳаёт бер”, деб айтинг. Худованд сизнинг ҳар қандай гуноҳларингизни кечира олади. Хайр саломат бўлинг.