Ассалому алайкум ҳурматли азиз радио тингловчи дўстлар. Яна радио тўлқинлари орқали сиз азиз биродарларимиз билан ғойибона бўлсада учрашдик. Худовандга шон-шарафлар бўлсин! Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Худо олти кун давомида бутун борлиқни яратди, еттинчи куни эса дам олганлиги ҳақида Муқаддас Китобда айтилади.
Худо яратган бутун борлиқ жуда гўзал ва ажойиб эди. Лекин шу яратилганлар орасида Одамга бўлган эътибор барибир бошқача эди. Одам бутун яратилган борлиқ орасидаги ягона гапира оладиган жонзоддир. Жониворлар гапира олмайдилар. Гапира билиш инъоми бу — ҳақиқатан ҳам ажойиб мўъжиза десак бўлади.
Агар айрим экспертларнинг айтишига ишонадиган бўлсак, одам бир кунда ўртача ўттиз мингга яқин сўз айтиши мумкин экан. Азизлар, шундай экан, ҳар бир инсон доимо ўзига Худо берган тилни қай тартибда ишлатиш лозимлиги ва қандай гапириш кераклиги ҳақида ўз-ўзига эслатиб туриши керак.
Кимдир тахминан санаб чиққан экан. Одам ўртача умр кўрадиган бўлса, ўз умрининг ўн уч йилини тўхтовсиз гапиришга бағишлар экан. Албатта булар ҳаммаси тахмин. Ҳар бир гапирадиган гапларимиз биз инсонларнинг ҳаётини ё яхши тарафга ёки умуман ёмон тарафга ўзгартириб юбориши мумкин.
Айнан шу гапимиз тўғри эканлигига шахсан менда ҳечам шубҳа йўқ. Айтган гапларимиз орқали кимнидир юрагини чилпарчин қилиб қаттиқ хафа қилишимиз, яна кимнингдир бахтига ғов бўлишимиз ҳам мумкин. Масалан, оддий бир ўзбек оиласига бориб, сени аёлинг бундай ёки сени эринг бундай, деб ҳазиллашиб гапириш ҳам бутун бошли оилани пароканда қилиб юбориши мумкин.
Ҳеч бўлмаганда, эр ва хотин орасида бир-бирига бўлган ишончни йўқотиши мумкин. Азиз биродар, гапирадиган гапларимиз орқали биродарларимизга далда бериб, уларни руҳини кўтаришга нима етсин?! Худо сиз билан менга берган тил орқали Уни исмини улуғлайлик, оғзимиздан фақатгина яхши гаплар чиқсин.
Кимдир жўртага сизни жаҳлингизни чиқариб, оғзингиздан ёмон сўзлар чиқишини хоҳлаётган бўлса, шундай инсонлар учун ибодат қилиб, уларни марҳаматланг. Худо шундай инсонларни ҳам фикрларини ва айтадиган сўзларини яхшиликка айлантира олади. Оғзимиздан чиқадиган яхши гаплар орқали инсонларни Исо Масиҳнинг олдига олиб келишимиз мумкин.
Лекин ўйламасдан гапирилган гап орқали уларни бир умрга Раббимиздан узоқлаштириб юборишимиз ҳам мумкин. Эфесликларга мактубининг 5 боби 18 оятида шундай ёзилган: “Шароб ичиб маст бўлманглар, чунки бу бузуқликка олиб боради. Аксинча, Муқаддас Руҳга тўлиб-тошинглар”. Ҳурматли биродарлар, келинг Муқаддас Руҳга тўлиб тошайлик. Бир-биримизга яхши гапларни гапирайлик ва болаларимизни ҳам ёшлигидан шунга ўргатайлик. Яна радио орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.