Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Сиз азиз биродарларимиз билан яна радио тўлқинлари орқали дийдор учрашиб турганимиз учун Худовандга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Бугун микрофон олдида мен Ғолиббек. Ҳурматли ота-оналар, бугунги эшиттиришимиз орқали яна бир бор болалар тарбияси ҳақида сизларга айтиб ўтмоқчимиз.
Болаларни тарбиялаш борган сари мушкул бўлиб бораётгандек. Сабаби, уларнинг онгига таъсир қилувчи омиллар борган сари кўпайиб бормоқда. Яқинда бир биродаримиздан қизиқ бир гапни эшитиб қолдим. Яъни у менга шундай савол берди: “Нима учун чет эллик биродарларимизнинг болалари бир оғиз гап билан ҳамма нарсани тушуна олади?
Бизнинг болалар эса бундай эмас. Уларни тинчитиш учун, албатта, бақириб қаттиқ урушиш керак”, деган мазмундаги савол. Келинглар, мен қандай жавоб берганимни сиз, азизларга, ҳам ҳавола этсам. Шундай ота-оналар борки, ўз болаларини доимо эговлаб туришади. Битта буйруқни бир неча марта ҳам такрорлашдан эринишмайди.
Шундай пайтларда бола ота-онанинг гапига эътибор қилмаса, албатта, бақириб болани урушамиз ва ўз айтганинмизни унга бажартирамиз. Бола эса аста-секин шу ҳолатга кўникиб боради. Охир-оқибат эса, қачонки унга бақириб, жаҳл билан гапирганингиздагина айтганларингизни бажаришга киришади.
Шу орқали биз ўзимиз болаларни қулоқ солмасликка ўргатиб борамиз. Бола сизнинг биринчи айтган пайтингизда эшитади, лекин у ўзи ўрганган, яъни баланд овоз билан бақириб айтишингизни кутиб туради. Мана шу нарса биз ота-оналарнинг энг катта муаммомиз, ҳатто айтишимиз мумкин-ки хатоимиз ҳам.
Бола аста-секин қулоқ солмасликка ўрганиб боради. Албатта биринчи галда ота-онани гапларига аҳамиятсиз бўлиб қолади. Бундай бола эса қандай қилиб Худога қулоқ солиши мумкин? Худосиз эса боланинг тарбияси янада оғирроқ бўлиши мумкин. Шунинг учун, азиз биродарлар, болалар хали кичкина бўлган пайтидан бошлаб, фақатгина яхши гап билан уларга тушунтиришга ҳаракат қилинг.
Доимо мулойимлик билан уларга буйруқ беришга ҳаракат қилинг. Айтганларингизни бир мартада сўзсиз бажаришга ўргатинг. Ҳатто баъзи пайтларда ўз ҳурматингизни сақлаб қолиш учун уларни буйруқларингизни бажаришга мажбурлашингиз ҳам мумкин.
Албатта ҳамма нарсанинг чегараси бўлади. Ўзбекларда шундай бир мақол бор: “яхши гап билан илон инидан чиқади”, деб айтишади. Шунинг учун яхши гап билан кўп нарсага эришиш мумкин. Ҳурматли ота-оналар, болалар мавзусида қандайдир саволларингиз бўлса, албатта бизларга ёзиб юборинг, қўлимиздан келгунча жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди, хайр саломат бўлинглар.