Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Азизлар, яна сизлар билан радиомиз орқали дийдор учрашиб турганимиздан бениҳоя миннатдормиз. Микрофон олдида эса мен Ғолиббек. Осмондаги Худованд, Раббимиз Исо Масиҳ қачонлардир ер юзига келиб, бутун инсоният учун хочда ўлиши ва қайта тирилиши ҳақида кўп маротаба огоҳлантирган эди.
Шундай вақт соат етиб келди. Эрталаб бўлишига қарамай, Исроил узра қоронғулик ҳукм сурар эди. Голгофа тепалигида томоша қилиш учун етиб келган одамларнинг ва Раббимиз Исо Масиҳнинг яқин танишларининг кайфияти шу жойда содир бўлаётган воқеага мос эди.
Сабаби — уларнинг умиди бўлган Раббимиз Исо энди хочда ики қўл ва оёғи михланган ҳолда хочда осилиб турар эди. Раббимиз ортидан эргашган кўплаб инсонлар ва ўз дардига шифо топган айрим кишилар шу ерда кўринмас эди. Улар ўйлаган эдиларки, бўлди, ҳаммаси ўз якунига етди.
Энди Исо Масиҳ йўқ, У ўлди, деб ўйлашар эди. Ҳатто Раббимизнинг айрим шогирдлари ҳам иккилана бошладилар. Улардан айримлари, Осмонда мен Раббимизнинг ўнг тарафида ўтираман деса, бошқаси, мен Раббимизнинг чап тарафидан жой оламан, деб ўйлашган эдилар.
Лекин айнан Раббимиз Исо хочда осилиб турган вақтда, Унинг ўнг тарафи ҳам, чап тарафи ҳам банд эди. Сабаби — Раббимизнинг икки томонида жиноятчилар осилиб турган эди. Раббимизнинг ортидан эргашиб юрган шогирдлари қаерда қолди? Чунки Голгофа тепалигида бир нечта аёллар ва саноқли эркак кишилар турган эди.
Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, мана шу саноқли кишилар Раббимиз томонидан ер юзида қолдирилган катта бир жамоат экан. Айнан шу кишилар томонидан кўплаб жамоатлар пайдо бўла бошлади. Раббимиз Ўзини Худонинг Ўғли деб айтган эди. Орқасидан эргашганларга эса Осмон Шоҳлигига кириш учун имконият беришини ҳам шогирдларига ваъда қилган эди.
Кўплаб кишилар дардига шифо топганлиги учун Раббимиз ортидан эргашган бўлса, ҳатто Раббимиз ўлган инсонларни ҳам қайтадан тирилтирди. Улардан ким ҳақиқатан ишониб Раббимиз ортидан эргашган бўлса, барчаси жаннатга кириш учун ўзларига рухсатнома олдилар. Азиз биродар, Раббимиз Исо Масиҳ ҳозир ҳам тириклигига ҳеч биримизда заррача бўлса-да шубҳа бўлмаса керак.
Чунки биз Муқаддас Китобдан аниқ биламизки, Исо Масиҳ ҳар биримизнинг гуноҳимиз учун хочда ўлиши ва уч кундай сўнг қайта тирилиши керак эди. Энди ер юзига яна қайта келиб, Ўзига ишонганларни Осмонга олиб кетишини сабр-тоқат билан кутайлик. Охиригача чидаган, албатта, нажотга эришади, деб Муқаддас Китоб ваъда берган. Азизлар, ўзингиз учун турли маълумотларга эга бўлишни истасангиз, интернетдаги бизнинг сайтимизга ташриф буюринг. Бизнинг манзил: www.najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.