3:12

Чарчоқ

MP3

Ассалому алайкум. Шаҳарда яшайдиган эркакларнинг деярли 75 фоизи ақлий меҳнат билан шуғулланадиган жойларда ишлашади. Ақлий меҳнат кишини жисмоний меҳнатдан кўпроқ толиқтиради деб ўйлаб ўрганиб қолганмиз. Сизни ҳайрон қолдирадиган кутилмаган бир янгиликни айтай: Аслида ақлий меҳнатнинг ўзи кишини толиқтирмас экан. Бир неча йиллар олдин олимлар инсон онги қанча узоқ меҳнат қила олиши мумкин деган савол устида бош қотириб, тажриба олиб борганлар. Маълум бўлишича, мия ичидан ўтадиган қоннинг фаол ҳаракати орқали, мия ҳеч қачон чарчамас экан. Киши толиққанида қонда турли зарарли моддалар ва токсинларни топиш мумкин. Аммо, масалан Эйнштейн миясидаги қондан намуна олиб текширадиган бўлсак, кун охирида ҳам ундан ҳеч қандай токсинлар чиқмайди. Шунинг учун миямиз кун охирида ҳам кун бошидагидек фаол ишлаши мумкин экан. Шундай бўлса, нега чарчаймиз?

Руҳшуносларнинг фикрича, толиқиш руҳий ва ҳиссий ҳолатларнинг натижаси. Стол олдида ўтириб ишлайдиган ишчининг қандай ҳиссий ҳолатлари унинг толиқишига сабаб бўлиши мумкин? Шодликми? Ёки қониқишми? Иккаласи ҳам эмас. Зерикиш, хафачилик, қадрламасликларидан ўкиниш, ишининг маънисизлигини ўйлаш ва ҳокозолар кишини руҳан ва ҳиссан толиқтиради. Кун охирида эса ақлий меҳнат қилган киши бош оғриғи билан уйига қайтади. Кун давомида ичимиздан кечадиган салбий ҳиссиётлар бизда асаб таранглигини келтириб чиқаради. Оғир меҳнатнинг ўзи камдан кам ҳолларда қаттиқ толиқишга олиб келади. Кўпинча бизнинг ҳолдан тойишимизга биздаги хавотирлар, асабий зўриқишлар сабаб бўлади. Бизнинг ақлан ва жисмонан толиқишимизга мана шулар сабабчи бўлади. Хавотирлар ва зўриқишлар натижасида мушаклар ҳам зўриқади.

Зўриққан мушак эса дам ололмайди. Шунинг учун кучингиз ва асабларингизни муҳим ишлар учун олиб қўйинг. Бизни тинглаяпсизми? Ëки газета ўқияпсизми? Нима қилаётган бўлсангиз ҳам, ўзингизга қулай бўлган ҳолатда ўтириб ёки ётиб олинг. Танангизни бўшаштириб, ҳеч бўлмаганда 5 дақиқа ором олишга ҳаракат қилинг. Шундан сўнг ўзгариш қандайлигига эътибор қаратинг. Ақлий меҳнат қиладиган одамлар доимо қаттиқ ва зўриқиб ишлагандагина муваффақиятга эришиш мумкин деб ишонадилар. Шунинг учун ҳам ишлаётган пайтларида, қовоқларини уйиб, мушакларни зўриқтириб, эгилган ҳолатда ишлайдилар. Бундай аҳволда мушаклар ва асаблар қандай дам олсин. Аслида шу ҳолатда ишлаш иш унумингизга мутлақо ижобий таъсир қилмайди, аксинча сизга ва соғлиғингизга зиён етказади.

Ҳаддан ортиқ ишга муккасидан кетиш ва зўриқиш бу одатга айланиб қолган. Ўз вақтида бўшашиб, дам олишни ҳам одатга айлантириш мумкин. Сиз иш кунингиз давомида ўзингизни бўшаштириб дам оласизми? Қандай дам оласиз? Дам олишни кўзимиздан бошлаймиз. Кўзимиз тез толиқадиган аъзо ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўзларни юмиб, ҳеч нарсани ўйламай, кўзларга: «Кўзларим оҳиста дам олинг, оҳиста дам олинг», — деб буйруқ беринг. Бир неча дақиқадан кейин кўз мушаклари сизга бўйсунаётганини ҳис қиласиз. Худди шу буйруқларни бўшашган ҳолда юз мушакларига, бўйин, елка ва бутун танага беришингиз мумкин. Дам олиш ҳақида кейинги суҳбатимиздан кўпроқ билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top