Ассалому алайкум азиз радио тингловчи дўстлар. Дастуримизга хуш келибсиз. Микрофон қаршисида мен Зафарбек. Азизлар, сизга маълумки, ушбу дастурларимиз орқали биз Муқаддас Каломдан баъзи оятларни ўқиб қўлларимизни ибодат учун очамиз. Бугун биз Исо Масихнинг хаворийларидан бири Марк баён этган хушхабардаги баъзи оятларни ўқиймиз. Қани бошладик. Исо кўлнинг бериги бўйига сузиб ўтиб, қирғоқда турарди. Унинг олдига яна кўп халойиқ тўпланди. Яҳудий жамоа бошларидан Яир исмли бир киши келиб қолди. У Исони кўриб, Унинг оёқларига ўзини ташлади-да: – Қизим ўлим тўшагида ётибди. Келиб унга қўлингни тегизгин, у соғайиб тирик қолсин, – деб ялиниб-ёлворди. Исо у билан кетди. Унинг орқасидан кўп халойиқ эргашиб, Уни сиқиб қўяр эди. У ерда ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган бир аёл ҳам бор эди. У кўп табиблардан кўп қийналиб, бутун мол-мулкини сарф этгани билан ҳеч фойда кўрмаган, аксинча, аҳволи янада оғирлашиб кетган эди. Аёл Исо ҳақида эшитдию, халойиқ ўртасида орқа томондан Унга яқинлашиб, кийимига қўл тегизди. У ўзича: «Агар кийимига бир тегиб олсам бас, соғайиб кетаман», – деб ўйлаган эди. У шундай қилиши биланоқ, қон кетиши тўхтади. Аёл касалликдан фориғ бўлганини ўз танасида ҳис этди. Исо эса шу онда Ўзидан бир куч чиққанлигини пайқади. У атрофидаги халойиққа кўз югуртириб: – Менинг кийимимга ким тегди? – деди. Шогирдлари Унга:– Халойиқ Сени сиқиб турганлигини кўряпсан-ку ва тағин кийимимга ким тегди, деб сўраяпсанми? – дейишди. Лекин Исо буни қилган аёлни кўриш учун атрофга қарар эди. Аёл ўзига нима бўлганини билиб, қўрқиб ва қалтираб келди, Исонинг оёқларига ўзини ташлаб, бутун ҳақиқатни Унга сўзлаб берди. Исо унга:
–Қизим, ишончинг сени қутқарди. Эсон-омон бориб, дардингдан фориғ бўлгил, – деди. Азизлар, қандай гўзал оятлар. Келинг биз хам қўлимизни очиб Раббимизга дуоюибодат қиламиз. Осмондаги Отажон, Сенга ибодат қилиш имконияти борлигидан нақадар хурсандман. Истаган вақтимда, истаган жойимда Сенга тўғридан тўғри ибодат қилиш имкониятига эгаман. Худойим, оятлар устидан фикр юритиб ўн икки йилдан бери қон кетишидан азоб чекаётган аёлнинг имони қанчалик кучли экани кўриб хайратга тушдим. Худойим, Сенга имон билан ибодат қилсак ибодатларимиз албатта амалга ошади. Лекин бунинг учун бизда имон бўлиши керак. Халиги аёл хам, Исо Масихга чин юракдан ишонган эди. Атрофдагилардан уялмай, уларнинг қинғир хаёлларидан қўрқмай фақат Исо Масихга ишонди ва шу орқали шифо топди. Худойим, мен хам шундай имонга эга бўлишни нақадар истайман. Мен хам фақат Сенга яқинлашиш иштиёқида бўлишни хохлайман. Хаётимнинг хар бир дақиқаси Сенинг кийиминга тегиниш учун бағишланишни истайман. Худойим, мени ўзинг дуо қилиб, мархаматлагин. Азиз Отажоним, Сен севги худосисан. Сен орқали барча халқлар нажот топгай. Сенинг кийиминга қўлини теккизган одам хеч қачон оч қолмайди. Худойим, мен хам ўша аёл каби имонга эга бўлишни хохлайман. Мен хам у каби Сен билан гаплашишни истайман. Мен хам у каби кийиминга қўлимни текказиб шифо топишни истайман. Худойим, гунохларимни ўзинг кечиргин, гунох менга хоким бўлмасин, хаётим хокими фақат Сен бўлгин. Худойим, Сен нақадар гўзал Худосан. Олдинга келган юракни асл қувиб чиқармайсан. Фарзандларингдан хеч қачон юз ўгирмайсан. Худойим, сенга бўлган имонимизни Ўзинг кўпайтиргин. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизларим, сиз билан хайирлашар эканман, сизга яна бир бор сайтимиз манзилини эслатиб ўтмоқчиман. www.najot.com. Хайир, омон бўлинг.