Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизлар, сиз ибодат қилиб турасизми? Қачон охирги маротаба Яратувчига илтижо қилиб ибодат қилгансиз? Бир ўйлаб кўринг. Ибодат хар бир имонли кишининг Худо билан сўзлашувидир. Худо билан яқин муносабатларимизни янада мустахкамлаш учун ибодатнинг ўрни жуда каттадир. Бордию биз яратувчимиз билан сўзлашиб турмасак, унда Раббимиз билан бўлган муносабатларимиз ўз кучини ёқатиб бораверади. Хазрати Исо Масих хам «Ибодат қилиб туринг, сизг берилади» деб айтган эди. Бордию, қандай ибодат қилишни билмасангиз унда хеч хижолат бўлманг. Бошида хазрати Исо Масихнинг шогирдлари хам қандай ибодат қилишни билишмаган. Келинг, Муқаддас Каломда айнан ибодат ҳақидаги оятларни кўриб чиқсак. Луқо хушхабари 11чи бобда қуйидаги оятлар келтирилган. Исо бир жойда ибодат қилар эди. Ибодатни тамом қилгач, шогирдларидан бири Унга: – Раббий! Яҳё ўз шогирдларини ўргатганидек, бизни ҳам ибодат қилишга ўргат, – деди. Исо уларга деди: – Ибодат қилаётганингизда шундай деб айтинглар: Эй, Отамиз! Сенинг муқаддас исминг улуғлансин. Сенинг Шоҳлигинг келсин. Кундалик ризқимизни бериб тургин.
Гуноҳларимизни кечиргин, чунки биз ҳам ўзимизга қарздор бўлган ҳар бир кишини кечирамиз. Бизни васвасага дучор қилмагин.
Яна уларга деди: «Фараз қилайлик, орангизда бир кишининг дўсти бор. Ярим кечада дўсти унинг олдига келиб: – Дўстим, менга учта нон қарз бериб тур. Менинг бир дўстим йўлдан ўтатуриб, ташриф буюрди, олдига қўядиган ҳеч нарсам йўқ, – дейди. Униси ичкаридан жавоб бериб: – Мени безовта қилма. Эшик қулф, болаларим мен билан бир тўшакда ётишибди, энди ўрнимдан туриб сенга беролмайман, – дейдими?
Сизларга ростини айтсам: ўз дўсти бўлгани учун ҳам туриб унга бермаса-да, лекин унинг шилқимлиги туфайли у туриб, қанча сўраса, шунча беради. Шундай қилиб, Мен сизга айтаман: сўраб туринглар, сизга берилади. Излаб туринглар, топасизлар. Тақиллатиб туринглар, эшик очилади. Чунки ҳар бир сўраган олар, излаган топар, тақиллатганга эшик очилар. Азизларим, кўриб турганингиздек ибодат қилиш қийин эмас. Ибодат қилиш учун фақат қалбингизда имон бўлса бас. Келинг биз хам қўлимизни очиб, Раббимизга ибодат қиламиз. Агар, қандай қилиб ибодат қилишни амалга оширишни билмасангиз хеч хижолат бўлманг. Истасангиз кетимдан қайтаринг. Худойим, Осмондаги Отажон, менга нажотингни берганинг учун рахмат. Мен гунохкорни севиб, халоқ бўлишимни истамадинг. Сенинг севгинг туфайли, хазрати Исо Масих хочга бориб, барча гунохларимни тўккан қони билан ювиб ташлади. Мени имонда мустахкамлаш учун учинчи куни ўликлар орасида тирилиб, Сен севган халқинга зохир бўлди. Худойим, Сен буюк Худосан. Сен Иброхим, Ёқуб, Мусо пайғамбарларнинг буюк Худосисан. Худойим, мени хам ибодат қилишга ўргат. Мен хам ибодатларим орқали Сен билан юзма-юз гаплашишни истайман. Худойим, Сенинг қилган буюк қурбонлигинг хақиқатини атрофимдагилар билан бўлишишни истайман. Мени Муқаддас Рухинг билан қувватлантир. Қаерда бўлмай, нима қилмай, фақат Сенинг хақиқатинг ила иш тутай. Худойим, Сенинг шохлигинг келсин, ўзбек халқим Сенинг пок севгингни билиб олсин. Халқимнинг хар бир аъзоси, Исо Масихнинг ўлимига ишонсин. Менга ибодат қилиш учун имкон яратганинг учун Сендан миннатдорман. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилган бўлсангиз рахмат. Худойим сизларни барчангизни ўз панохида асраб мархамату-дуога тўлдирсин. Хайир, омон бўлинг.