Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Азизларим, сизларга маълумки, ушбу дастур орқали биз Яратувчимизга ибодат қилиб Муқаддас Каломдан баъзи оятларни хам тилга оламиз. Бугун мен сизга азиз хаворий Бутруснинг биринчи мактубидаги биринчи бобни эътиборингизга хавола этмоқчиман. Раббимиз Исо Масиҳнинг Отаси Худога ҳамду санолар бўлсин! У бизга беҳад раҳм-шафқат кўрсатди, Исо Масиҳнинг тирилиши асосида бизни янгидан туғилтириб, тирик бир умидга эга қилди. Самода сақланаётган беғубор, чиримас, сўлмас бир мерос сизларни кутмоқда. Охирзамонда очиқ кўринишга тайёр бўлган улуғ нажотга эришмоғингиз учун, имонингиз туфайли, Худонинг қудрати билан қўриқланмоқдасизлар.
Шу сабабдан беҳад хурсандсизлар. Ҳозир турли васвасалар туфайли бироз қайғуришингизга тўғри келса-да, лекин бу васвасалар имонингизни синаш учун фойдали эканлигини билинглар. Ҳатто фоний олтин ҳам оловда тобланиб, синалади. Шу сингари, олтиндан ҳам қимматли бўлган имонингиз синовдан ўтиб, Исо Масиҳ осмондан зоҳир бўлгач, сизларга мақтов ва шон-шараф келтирсин. Сиз Масиҳни кўрмаган бўлсангиз ҳам, Унга муҳаббат боғлаяпсизлар. Ҳозир Масиҳни кўрмаган ҳолда Унга ишоняпсизлар ва сўз билан ифодалаб бўлмайдиган даражада улуғ бир шодлик билан тўлиб-тошмоқдасизлар. Чунки имонингизнинг натижаси ўлароқ жонларингиз учун нажот топмоқдасизлар. Сизлар топган улуғ нажот тўғрисида қадим замон пайғамбарлари ҳам каромат қилганлар, улар Худо иноятининг моҳиятини синчиклаб текширганлар. Масиҳнинг Руҳи уларда бор эди ва уларга Масиҳнинг чекадиган азоб-уқубатларию, охирида эришадиган шон-шуҳрати ҳақида олдиндан маълумот берар эди. Бундай илҳомланган пайғамбарлар Масиҳ Руҳи кимни ва қайси пайтни кўрсатаётганини англамоққа тиришардилар.
Аслида пайғамбарлар бу текширувларни ўзлари учун эмас, балки сизлар учун қилганликлари ҳақида Худодан ваҳий олганлар. Ҳатто фаришталар ҳам бу сирларни аниқлашни кўп орзу қиладилар. Ҳозирги даврда эса Инжил тарғиботчилари осмондан юборилган Муқаддас Руҳдан руҳланиб, буларни сизларга баён этдилар. Гўзал оятлар! Азизлар, келинг биз хам қўлимизни очиб рухий синовлардан ўтиш учун ибодат қилсак. Истасангиз кетимдан хам қайтаришингиз мумкин. Азиз Отажон, чиндан хам Сен буюк ва тирик Худосан! Сен туфайли биз абадий хаётга эга бўлдик. Айнан хазрати Исо Масих Сенинг буюк режангни хочда амалга оширди. Худойим, биз энди Сенинг қудратинг билан қўриқланмоқдамиз.
Худойим, биз Сенга умид ва мухаббат боғлашни истаймиз. Қандай вазиятда бўлмайлик дойим Сенинг иноятинг бизнинг устимизда бўлсин. Худойим, биз Масихни ўз кўзимиз билан кўрмасак хам унга имон келтирдик, ва чиндан хам ифодалаб бўлмайдиган даражада улуғ бир шодлик билан тўлиб тошдик. Худойим, чиндан хам танамиз эмас, аксинча рухимиз абадийдир. Исо Масихга бўлган имонимиз хар қандай ёвузликдан кучлидир. Айнан Исо Масихга боғлаган севги-мухаббатимиз бизга озодлик бермоқда. Биз энди тўғридан тўғри хеч қандай рухонийсиз Худога ибодат қилсак бўлади. Худойим, бизга ибодат қилишни ўргатганинг учун рахмат. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин.