Агар дўст орттиришни истасак, келинг бошқалар учун нимадир қилишга вақт, куч, беғаразлик, ғамхўрлик талаб этиладиган нимадир қилишга тиришайлик. Герцог Викзарский Жанубий Америкага ташриф буюришидан бир неча ой олдин маҳаллий аҳоли тилида нутқ сўзлаш учун испан тилини жиддий ўрганди. Ва бу билан у ўша мамлакат аҳлининг ҳурматини, меҳрини қозонди.
Сиз дўстларингизнинг туғилган кунларини биласизми? Вақти келганида уларни туғилган кунлари билан табриклаб борасизми? Улардан қандай қилиб туғилган кунларини сўрашни биласизми? Дабдурустдан сўраш ноқулай. Шунинг учун мен бошқача йўл тутаман. Ўзим астрологияга заррача ишонмасам ҳам, улардан кишининг туғилган куни билан характери ўртасида боғлиқлик борми, деб сўрайман.
Кейин туғилган кунларини сўрайман. Улар сал чалғишлари билан дарров ёзиб оламан. Ҳар йилнинг бошланишида эса туғилган кунларни календаримга белгилаб қўяман. Уларга ҳар куни ўз-ўзидан кўзим тушиб туради. Қайси бир дўстимнинг туғилган куни келса унга табрикнома йўллайман. Бу уларда қандай таассурот уйғотади? Кўпинча уларнинг туғилган кунларини эслаган ягона киши мен бўлиб чиқаман. Агар дўст орттирмоқчи бўлсак, келинг, одамларни қувонч ва тиришқоқлик билан олқишлайлик. Бу усулни телефон орқали суҳбатларда ҳам қўлланг. Гўшакни кўтариб, «лаббай»ни шунақа оҳангда айтинг-ки, сизга қўнғироқ қилаётганларидан нақадар хурсандлигингиз сезилиб турсин. Алоқа компанияси ўз ходимларига: «Марҳамат, сизга қайси номерни улаб берай», деган жумлани махсус ўргатади.
Бу жумла оҳангни шундай маънони англатади: «хайрли тонг, сизга хизмат қилаётганимиздан мамнунмиз». Иш юзасидан муносабатларда ҳам бу қоидалар қўл келадими? Нима деб ўйлайсиз? Бунга иккитагина мисол келтриман. Чарлз Уолжерга бир корпорация тўғрисида махфий ҳисобот тайёрлаш вазифаси топширилди. Уолжерс бундай маълумотларни бериши мумкин бўлган фақат бир кишинигина танирди. У йирик саноат компанияси раҳбари эди. Чарлз у билан учрашувга боради. Раҳбарнинг хонасида ўтирганида, котибаси эшикдан бошини суқиб, бугун ҳеч қанақа марка келмаганлигини айтади. «12 ёшли ўғлим учун почта маркаларини йиғаман», — деб изоҳ беради компания бошлиғи. Уолжерс ўзининг муаммосини ўртага ташлаб, суҳбатдошига саволлар беришни бошлайди. Бироқ раҳбар ноаниқ мавҳум жавоблар қайтаради. Суҳбат қисқа ва самарасиз бўлади.
Бу ҳақида ҳикоя қила туриб, Уолжерс шундай дейди: «Очиғини айтсам, нима қилишни билмай қолдим. Бироқ кейин котибасининг маркалар ҳақидаги, ўзининг 12 ёшли ўғли ҳақидаги гаплари эсимга тушиб қолди. Шунингдек, банкимизнинг чет мамлакатлар бўлимида маркалар йиғилганини ҳам эслаб қолдим. Эртасига яна ўша раҳбарнинг қабулхонасига бориб, котибаси орқали унинг ўғли учун бир нечта марка олиб келганимни билдирдим. Мени бошлиқ ҳузурига бошлаб кирдилар. У конгресс аъзолигига сайланганда ҳам бу қадар қўлимни сиқиб, ҳаяжонини ифодаламаган бўларди. Унинг юзи табассум ва саҳоватдан ёришиб кетган эди. Кейин эса у менга керакли маълумотларни тайёрлатиб бериш учун бир соатдан кўпроқ вақтини қурбон қилди. Ваҳоланки, мен ўз муаммойим ҳақида эслатганим йўқ. Мен кутганимдан ҳам кўра кўпроқ маълумотларни қўлга киритдим.