3:11

Бепуштлик

MP3

Ҳозирги пайтда ёшларнинг ҳаёт тарзи, дунёқараши ўзгарган. Улар 2-3 фарзанддан ортиғини хоҳлашмайди. Шунга қарамай, баъзи оилаларда турмуш мустаҳкамлигини эр-хотиннинг иноқ, тотув яшаши эмас, балки фарзандларнинг бор-йўқлиги белгилайди. Янги турмуш қурган келин-куёвларга яқинлари «Қўша қаринглар, серфарзанд, сердавлат бўлинглар. Кейинги йил шу хонадонда бешик тўйлар қилиш насиб қилсин», деб энг эзгу тилакларни билдиришади. Аммо баъзан орадан бир йил, боринг икки йил ўтса-да, икки ёшнинг фарзанди бўлмайди. Бу орада қўни-қўшниларнинг «Келининг айби бор экан, болали бўлолмасмиш», деган гап сўзлари қайнонанинг қулоғига етиб келади. Табиийки, бундай гапларни у кўтара олмайди. Энди кимга қийин, бечора келинга. Атрофдагиларнинг, эрининг саволомуз нигоҳидан қаерга қочишини, нима дейишини билмайди.

Айб иш қилиб қўйгандек, доимо боши эгилган, ўзини ночор сезади. Ҳатто баъзи оилалар очиқчасига «ҳужум»га ўтишади: «Бу атайлаб сақланиб юрибди, нияти бошқа бунинг», дейди қутурган қайнопаси. Келин йиғлаб эрига шикоят қилса: «Битта туғиб берсанг, шу гаплардан қутулардик. Қара, биздан кейин турмуш қурганларнинг ҳаммасида бола бор», деб ўзича «таскин беради».

Нима ҳам дердик, тирноққа зор бўлиш ҳеч кимнинг бошига тушмасин. Аслида, бепуштликнинг сабабларини аниқлаш, шунга қараб даволаш чораларини бошлашнинг эрта кечи йўқ.

Бепуштлик ташхиси бир йилдан ортиқ турмуш қурган, аммо фарзандли бўлмаган эр-хотинларга қўйилади.

Ҳисоботларга қараганда, ҳозирда ҳар 100 оиланинг 15 тасига мазкур ташхис қўйилади. Ҳар йили минглаб аёллар аборт қилдиришлари маълум. Ҳаётни бир тарозига таққослайдиган бўлсак, унинг бир палласида ҳомиладорликдан қутилиш учун аборт қилдирадиган «уддабурон» аёллар, иккинчи палласида эса қувонч нималигини унутаёзган, бир болани дунёга келтириш учун бор мулкини борлиғини бағишлашга тайёр муштипарлар туради. Бепуштликнинг икки тури фарқланади. Бири абсолют бепуштлик, иккинчиси нисбий бепуштлик. Аҳоли орасида бу тури энг кўп кузатилади. Баъзан аёл тезроқ ҳомиладор бўлиш учун йиллаб даволанади, бироқ самара бермайди. Кейин эса бор кучини ишга сарфлашни бошлаган бир пайтда, кутилмаганда ҳомиладор бўлади. Буни шифокорлар руҳий бепуштлик деб аташади.

Хўш, бепуштликнинг сабаблари нимада? Бунга сабаблар турлича: Масалан, аёлнинг кетма-кет аборт қилдириши, ички касалликлари, кеч турмушга чиқиш, наслий омиллар, ёшликда бошдан кечирган юқумли касалликлар натижасида организмда турли кўринишдаги яллиғланиш жараёнларининг авж олиши, аёл бачадонида ўсманинг пайдо бўлиши, эндокрин касалликлари, қандли диабетга чалиниш, кўп миқдорда гормонал, тинчлантирувчи дориларни қабул қилиш, организмда витаминларнинг етишмаслиги, камқонлик, озғинлик ёки ортиқча вазн, сил, қалқонсимон без ҳасталикларидир. Юқорида айтганимиз руҳий бепуштликда, аёл ҳаддан ортиқ ўз муаммосига ўралашиб қолгани натижасида юз беради. Ишга кириб муаммолардан чалғигач эса, аёлнинг ҳомиладор бўлиши табиий равишда рўй беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top