MP3

Ассалому алайкум. Қадрли биродарлар бу исм кўпчиликка яхши таниш. Баъзилар бу одамнинг шахсида ўзини кўрса ажаб эмас. Бундай деётганимнинг сабаби Бутрус ҳам ўзимиз каби оддий одам бўлган. Муқаддас Каломдан у ҳақида ўқиб, унинг характери қандай бўлганини тахмин қилиш мумкин. Бутрус Исонинг илк шогирдларидан бири эди. Исо Масиҳ уни қандай чақирган эди. Келинг шу жойга назар ташлаймиз: «Жалила кўли ёнидан ўтаётганида, Исо кўлга тўр ташлаб ўтирган икки ака-ука – Бутрус деб аталувчи Симон ва унинг укаси Идрисни кўриб қолди. Улар балиқчи эдилар. Исо уларга: «Менинг орқамдан юринглар, Мен сизларни инсон овчилари қиламан», — деди. Ака – ука дарҳол тўрларини қолдириб, Унинг орқасидан эргашдилар.» Бутрус балиқчи эди. У Павлусдек зиёли бўлмаган бўлса ҳам, Исо Масиҳ учун кўп ва астойдил хизмат қилган.

Бир танишим менга қачонлардир, Муқаддас Калом бўйича мутахассислар Бутруснинг руҳий ҳаётини шкалалар бўйича тасвирлаган ҳолатини кўрсатган эди. Унинг ҳаёти ҳар доим ҳам шкала бўйича юқорида бўлмаган. У Исо Масиҳ билан бирга бўлганида доим руҳан тетик ва ишончи мустаҳкам бўлган. Чунки уни қўллаб турувчи Исо ёнида эдида. Кейинчалик Исо Масиҳни сўроқ қилиш учун Олийруҳоний уйига олиб боришганида башорат қилинганидек Устозидан уч марта тонди. Унинг бундай ҳолатини тушунаман. У ўшанда шунча пайт Исо билан бирга бўлгани, Ундан ўрганганлари, Унинг қудрати ҳақида унутиб қўйган бўлса керак. Исони қўлга олишмасларидан олдин у Исога: «Мен Сен учун ўлимга ҳам тайёрман», — деган эди. Бу гапларидан уни бироз ҳиссиётга бериладиган софдил одам эканини билишимиз мумкин.

У меҳрибон ва жонкуяр инсон ҳам бўлган. У Кесарияда Исонинг «Масиҳ, Барҳаёт Худонинг ўғли эканини» тан олди. Шундай бўлса-да Исодан тонди. Исо унинг бу қилмишини аввалдан билиб, олдиндан уни кечирган деб ўйлайман. Чунки Исо Масиҳ тирилганидан кейин, Бутрусни Ўзининг сурувини боқадиган «чўпон», деб унинг тақдирини белгилади. Бутрус Исодан тониши билан руҳан тушган бўлса-да, Масиҳ унинг руҳини кўтарди. У Масиҳнинг тирилганига гувоҳ бўлиб, яна руҳда ва имонда мустаҳкамланди. Ëдингиздами, унга Масиҳ тирилибди деб хабар берганларида унинг ўзи буни ўз кўзи билан кўриш учун қабрга қараб югурди. Муқаддас Каломда ёзилганларига кўра Масиҳ Бутрусни бошқача яхши кўрган дейиш мумкин. Унинг Бутрусга меҳри баланд бўлган. Исо Масиҳ тирилганидан кейин балиқ овлаб ўтирган Бутрусга, Фомага ва бошқа шогирдларга кўринган.

Бутрус бошқа ҳаворийлар ва шогирдлар билан бирга Муқаддас Руҳни олгач, қудрат ва шижоат билан хизмат қилди. Бутруснинг ваъзидан кейин бир кунда уч минг одам имон келтирган. У ўзидаги кучли ишонч туфайли мўжизалар ҳам қилган. Бир куни Юҳанно билан бирга маъбаднинг Гўзал деган дарвозаси ёнида чўлоқ бир камбағални даволадилар. Уни ҳам Масиҳ туфайли зиндонга ташлашган. Унинг руҳи баъзан тушкун, баъзан кўтаринки бўлган бўлса, ҳам ҳеч қачон Масиҳга хизмат қилишни тўхтатиб қўймаган. Исо Масиҳ осмонга кўтарилишидан олдин «имонинг туфайли азобга гирифтор бўласан», — деб башорат қилган эди. У то қаригунча Худога имон билан хизмат қилди. Тахминларга кўра уни Рим императори Нерон қатл қилдирган. Ўлимидан уч йил олдин у иккинчи мактубини ёзган. У ўлимдан қочмаган, Исо Масиҳ учун хочда қатл қилинишни шараф деб билган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top