Ассалому алайкум. Бугун ўн икки ҳаворийлардан бири бўлган Бартоломей ҳақида сўз юритамиз. Бартоломей исми «Толмайнинг ўғли» деган маънони билдиради. Исмига кўра у чиндан ҳам Толмай деган кишининг ўғли бўлгандир. Муқаддас Каломда Исо ҳар бир шогирдини қандай танлагани ҳақида тўлиқ ёзилмаган. Унда фақат баъзи бир шогирдларнинг чақирилиши баён этилган. Бироқ Бартоломей Исо танлаган ҳаворийлар рўйҳатида бор. Шу жойда Муқаддас Каломдан бир парчани ўқисак: «Филлип кетди, У Натанъилни топиб унга: — Биз Мусо ва бошқа пайғамбарлар Тавротда ёзган Юсуф ўғли насролик Исони топдик, — деди…. Бундан сўнг Исо Натанъилнинг Ўзига яқинлашаётганини кўриб: — Қаранг ҳеч ҳийлани билмайди, худди ҳақиқий исроиллик! — деди» (Юҳ 1:45-51).
Тахминларга кўра Натанъил Бартоломейнинг иккинчи исми бўлган. Бу суҳбатдан сўнг Бартоломей Масиҳнинг Худонинг ўғли ва исроилнинг Подшоҳи эканини тан олди. У ҳақида Муқаддас Каломда бошқа ҳеч нарса ёзилмаган. Худо ҳар биримизни яратганида ўзимизга яраша тақдир беради деган фикрдаман. Ҳеч кимнинг тақдири ва вазифаси бир-бириникига ўхшамайди. Исо Масиҳ осмонга кўтарилганидан кейин ҳаворийлар ўзаро йиғилиб сидқидиллик билан тоат ибодатга берилдилар. Улар Исо Масиҳ буюрган вазифани бажаришлари керак эди. Шу йиғин ичида Бартоломей ҳам бор эди. Ҳосил байрами бўлганида Исо Масиҳ ваъда қилганидай Муқаддас Руҳ келганида шогирдларнинг ҳаммаси якдиллик билан бир жойда йиғилиб турган эдилар. Уларнинг орасида ҳам Бартоломей бўлгани аниқ.
Исо Масиҳ уни ҳаворий қилиб танлаганида неча ёшда бўлганини билмаймиз, аммо у 37 йил Масиҳга сидқидилдан хизмат қилгани маълум. Унинг оиласи ва ёки бола-чақаси ҳақида ҳеч нима маълум эмас. У сокин ва ўз ишини билиб қиладиган одам бўлган бўлса керак. У Масиҳнинг вазифасига кўра маъжусий шаҳарларга бориб хушхабар тарқатган. У дастлабки ишини ҳозирги Туркиянинг ичидан бошлаган. Туркияда маълум бир вақт хизмат қилгач, Ҳиндистонга йўл олган. У ерда яшаб, аҳоли тилини ўрганган. Сўнг Матто хушхабарини ҳинд тилига таржима қилган. Ўша ерлик аҳолига уларнинг тилида хушхабар айтган. Бу маълумотдан унинг қийинчиликлардан қўрқмайдиган, Масиҳ учун ўзидан кечган одам бўлганини билишимиз мумкин. У ҳаворийлар ичида хушхабар айтиш учун узоқроққа кетган инсон саналади. Кейинчалик эса у Армения давлатининг ўн икки шаҳарига сафар уюштириб, ҳар бирида ўша ерлик аҳолига хушхабар айтган.
Ўша пайтдаги Аремения бу ҳозирги Туркия билан Эронинг оралиғидаги жой ҳисобланади. Унинг хизматлари ва Худонинг инояти билан у борган ерлардаги кўпгина одамлар бутпарастликдан юз ўгириб ҳақиқий Худога сажда қила бошладилар. Бутпарастликдан юз буриб, Масиҳни қабул қилганлар ичида Армения шоҳининг укаси ва унинг оиласи ҳам бор эди. У борган ерларда ҳар доим ҳам уни яхши кутиб олишмаган. Унда ҳам кўпгина қийинчиликлар бўлган, ҳаммаси ҳақида боҳабар эмасмиз-у, бироқ Армения шоҳи аҳоли орасида бўлаётган ўзгаришлар ва ўз укасини ҳам Масиҳга бўйсундиргани учун Бартоломейдан ғазабланган. Унга ўзларининг илоҳи Аштаротга сажда қилишни буюрган. Шоҳнинг таклифини рад этган Бартоломейни шоҳнинг буйруғига кўра, калтаклаб, хочга михлаб кейин ёндириб юборишди. Бартоломейнинг ҳаёти шундай якунига етган.