Ассалому алайкум. Киши бошига тушадиган ташвишлар нимадан деб ўйлайсиз? Худонинг севган бандаларига берадиган синовими? Ҳа, бу тўғри. Лекин ҳар қандай ташвиш-у, муаммоларимиз ҳам Худонинг синовлари бўлиб чиқмайди. Баъзан бошимизга келадиган ноҳушликларга ўзимиз сабабчи бўламиз. Нотўғри босилган қадам, қилган баъзи ножўя ҳаракатларимизнинг оқибати ҳам ёқимсиз бўлади. Агар Эски Ахд китобларини ўқиб чиқадиган бўлсангиз, Исроил халқи билан Худо орасидаги муносабатлар ҳақида аниқроқ маълумот ва тушунчага эга бўласиз. Худо ҳар доим Ўзи танлаган халққа садоқатли бўлган. Уларни тўғри йўлдан юришга ундаган, бироқ қайсар ва ўзбошимча халқ, ҳар сафар Худонинг қудрати ва иноятини унутиб, Эгамизнинг олдида қабиҳликлар қилган.
Исроилнинг йўлбошчиси Исус Навиннинг ўлимидан кейин Худо халқни қийинчиликлардан озод қилиш ва ўзига қаратиш учун, кўплаб ҳакамларни юборди. Халқ ҳакамлар ёрдамида душман қўлидан озод бўлар, бир муддат, Худога юз буриб, тинчликда яшарди. Лекин яна аввалгидек гуноҳга юз бурганида, Худо уларни атрофдаги халқларнинг босқинлари орқали жазоларди. Исроил халқига Мидиён ва Омолеқ халқи душман бўлиб, исроилликлар экин экиб, айни ҳосилини йиғиб терадиган пайтда, Мидиён ва Омолеқ ҳалқи уларнинг ерларига бостириб кириб, ҳамма хосилларини нобуд қиларди. Душман ўзи билан бирга чорвасини ҳам олиб келиб, исроилликлар ерларида озиқлантирарди. Бу қийинчиликларга чидай олмаган халқ Худога фарёд қилди. Худо эса уларга Гидеон деган жангчи ҳакамни юборди.
Унинг Худо томонидан танланиши ҳам қизиқ бўлган. У ўз ерига қарашли бир дарахтнинг тагида ўтирганида Худонинг фариштаси келиб: «Эй довюрак жангчи, Эгамиз сен билан биргадир»- дейди. Гидеоннинг ҳозиржавоблигини қаранг. У фариштага қарата шундай дейди: «Агар Эгамиз биз билан бирга бўлса, нима учун бу кулфатлар бошимизга тушяпти экан?!».
Гидеон Худонинг чақириғига нисбатан мен сен айтганингдек қилаолмайман, дейди. Бунга ўзининг сабаблари бор эди. Биринчидан у Манаше уруғининг энг заиф хисобланган қабиласидан эди. Иккинчидан эса оилада энг кенжаси эди. Шунинг учун бу ишлар менга мос эмас. Мен бунинг уддасидан чиқа олмайман, деган сабабларни келтирган. Агар инсоний ўйлаб қарайдиган бўлсак, биз ҳам шундай дейишимиз мумкин. Бироқ Худо инсон каби ўйламайди.
У чиндан ҳам Худо бу гапларни айтаётганига ишонч ҳосил қилиш учун Худога шундай деди: «Агар чиндан ҳам сен Эгамиз Худо бўлсанг, мен бориб, уйдан сенга назр олиб келгунимча бу ердан кетма» — деди. Келгач эса, фаришта унга: «Гўштларни мана бу тошнинг устига қўй»- деди. Гидеон гўштларни тошнинг устига қўйгач, фаришта таёқчасини теккизиб, олов чиқариб, гўштларни куйдириб юборди. Гидеон бўлса, мен фариштанинг юзини кўрдим , деб қўрқиб кетди.
Шундан сўнг уни чиндан ҳам Худо бу ишга чорлаётганига ишониб, Худо айтганидай баал қурбонгоҳини бузиб, Ашерага аталган устунни кесиб ташлади.
Яна савол туғилади. Нега Худо Йўш ўғли Гидеонни танлади? Чунки Худо гуноҳкорлар орасидан, ўзига сиғинадиган ва чин дилдан уни севадиганларни кўради ва танийди. Уларга нисбатан ўз режаси бор. Сизнинг ҳаётингиз учун ҳам Ўз режаси борлиги аниқ.