Ассалому алайкум. Қадрли ота-оналар бу суҳбатимиз нафақат оналар балки оталар учун ҳам фойдали ва муҳим ҳисобланади. Бу жуда муҳим ва жиддий мавзу. Жанжаллар ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди. Бу мавзуни ёқтирмайдиганлар талайгина. Аммо таассуфки жанжалсиз туролмайдиганлар ҳам бор. Бундайлар билан бир уйда туриш азобнинг ўзи бўлса керак. Гап эр-хотин ўртасида бўладиган жанжаллар ёки келишмовчиликлар ҳақида эмас. Суҳбатимиз ота-оналарга қаратилган экан, фарзандларининг жанжалларга муносабатини шакллантириш ҳақида боради. Ўтган сафар ёдингизда бўлса ота-онанинг уруш жанжалларга икки хил муносабатда бўлиши ҳақида суҳбатлашгандик.
Оталар фарзандларининг бошқа болалардан қўрқмайдиган, ҳатто кези келса ўзидан катта болаларни ҳам уришга кучи етадиган кучли бола бўлишини истайди. Аёл ва эркакнинг тана тузилиши эмас, фикрлаш доираси ҳам турлича, уларни ғарб билан шарққа қиёслаш мумкин. Бутунлай фикрлари бир-бирига тўғри келмайдиган аёл билан эркакни бир оила қилган Худога қойил қолмай иложимиз йўқ. Эркакларнинг кўпчилиги эркак деганда, кучли, ҳеч кимдан қўрқмайдиган, уни кўрганда ҳамма титраб турадиган кишини тасаввур қилади. Ўғлим ҳақиқий эркак бўлиб улғайсин деганда шуни назарда тутса ажаб эмас. Лекин оналар ўғлини жангчи эмас, келажакда, йўлида учрайдиган қийинчиликлардан донолик билан чиқиб кетадиган, мард, меҳрибон ва садоқатли бўлишини истайди.
Ўғилларининг жанжаллари оналарнинг юрагини тирнайди. Ҳеч бир она ўғлининг жанжалкаш безори бўлишини истамайди. Ота ҳам истамайди, лекин ўзи билмаган ҳолда боласида урушқоқлик ва безорилик ҳислатини пайдо қилиб қўяди. Шунинг учун ҳам ота-она ўғли ёки қизига тарбия бераётганда ўзаро бир фикрга келиб ягона, оиласига тўғри келадиган тарбия усулини топишлари шарт. Шундай қилинса болалар ҳам тарбиянинг икки хиллигидан азият чекмайди.
Мен бир оилани биламан. Уларнинг икки қизи бор. Она қизлари ножўя иш қилганида, қулоқсизлик қилганида уриб жазолашни маъқул кўради. Лекин ота эса мутлақо бунга қарши. Отасининг бунга қаршилигини билган қизлар айёрлик йўлига ўтишган.
Она салгина қизларига қаттиқ гапирса, дарҳол отасининг олдига югуриб бориб, онасини айблашади. Ота эса қизларини олдида онани уришади. Шу туфайли онанинг фарзандларини тўғри йўлга солишга қўллари боғлиқ. Бу ҳолатда болаларнинг тарбияси қандай бўлади? Оналарнинг ўғилларини ақлли, доно, тадбирли, босиқ, иродали, мард ва меҳрибон бўлиб ўсишларини исташи ёмон эмас, бироқ етарли ҳам эмас. Ўғил бола урушишни ҳам билиши керак. Лекин меъёрида. Яъниким, жанжални ўзи бошламаслиги, безори яхши гапга кўнмаса ва унга куч ишлатишда давом этаверса, охирги чорани яъни ўз-ўзини ҳимоя қилишни бошлаши мумкин. Шунинг учун бола ақлли ва меҳрибон бўлишидан ташқари, жисмонан ва маънан кучли шахс бўлиши керак. Бунинг учун фарзандингизни спорт тўгаракларига беринг. Фақат бундан мақсад, ҳаммадан кучли бўлиш, ёки кимларгадир кучини кўрсатиш эмас, ҳаётда ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун керак бўлиши эканини тушунтириш лозим.