3:20

Иккинчи мўъжиза

MP3

Мўъжизалар. Мен ҳам улардан бирини кўрсам эди. Дунё мўъжизаларини деб ўйладингиз чоғи. Йўқ. Албатта уларни ҳам кўришни хоҳлардим, аммо мен кўришни истаган мўъжизалар бутунлай бошқача, у илоҳий ва беқиёс. Ўз ҳаётим давомида Худо яратадиган мўъжизаларни кўришни истардим. Ким ҳам истамайди дейсиз. Исо Масиҳ: «Кўрмай туриб ишонганлар бахтлидир», — дегани ёдимда. Балки бунинг учун имоним бироз сустлик қилаётгандир. Нима бўлганда ҳам Худо ҳаётимда мўъжиза кўрсатишини чин дилдан истардим. Баъзан ўйлаб қоламан, балки менинг қадимги Исроил халқидан ҳеч фарқ қиладиган жойим йўқдир. Чунки улар Худонинг мўъжизаларини кўриб ҳам, Унинг амрларидан бош тортдилар. Ундай бўлмайди деган умиддаман.

Худованднинг мўъжизалари ҳақида гапириш ёқимли албатта, бироқ бугунги суҳбатимиздан четлашмаган ҳолда инсоният қўли билан қурилган, аммо бизгача етиб келмаган иккинчи мўъжиза ҳақида гаплашайлик. Бу Осма Боғлар эди. Бу самовий боғлар Шарқнинг энг катта шаҳарларидан бири Бобилда бўлган. Айтишларича самовий боғлар аёл подшо Семирамида номи билан боғланар экан. Бироқ бу ҳақидаги аниқ маълумотлар шундан иборатки, бу боғлар подшо Навуходносор фармойиши билан милоддан олдинги 6 асрда бунёд этилган. Подшо ўз саройининг айвонларини қават қават қилиб қурдирган ва ҳар бир қават айлана қубба шаклида бўлган. Бу айвонларни баланд тош устунлар тутиб турган. Айвонлар қамиш билан ёпилиб, устидан ғишт терилган. Сўнг қўрғошин пластинкалар ётқизилган.

Бу ҳақида мен бутунлай бошқача тасаввурда эдим. Демак осма боғлар аслида сарой деворлари, айвонлари атрофига қурилган боғлар эканда. Бу боғларнинг айнан шундай қурилганига олимлар ўша сарой ҳаробаларини ўрганиш чоғида амин бўлдилар. Изланишларга қараганда ўша пластинкалар устига жуда кўп миқдорда тупроқлар чиқарилиб, бутун том бўйлаб ётқизилгани, ҳар бир қаватга дарахтлар ўтқазилиб, гўзал боғлар барпо этилгани маълум бўлди. Сувни эса Фрот дарёсидан олганлар. Қандай қилиб дейсизми? Сувни тепага кўтариб берадиган чарм идишлар ўрнатилиб, бу улкан чархпалакни юзлаб қуллар кечаю-кундуз айлантириб туришган. Чиндан ҳам бу боғлар бетакрор ва маҳобатли бўлганига шубҳамиз йўқ. Чунки бугун ҳам бу сарой ва минораларнинг салобатли харобаларини ҳайратланмай томоша қилолмайсиз.

Бу боғлар ўша даврларда ҳар қандай кишини ҳайратга солган бўлса, унинг олимлар томонидан қайта тикланган чизмаси ҳам бизни ундан кам ҳайратга солгани йўқ. Бундай боғларни тасаввур қила олган одам бугун ҳам шундай боғларни барпо қилишни истаб қолади. Бироқ афсуски ҳеч ким бундай боғ қуриш ҳақида бош қотираётгани йўқ. Яна бир ачинарли томони бугун бу боғларни бориб кўролмаймиз. Чунки уни вақтлар ўтиши билан Фрот дарёсининг даҳшатли сув тошқинлари вайронага айлантириб ташлаган. Кўпинча тарих ҳақида ўқир эканман, баъзи мени қизиқтирган биноларнинг ҳозирда айнан қаерда жойлашган бўлиши мумкинлиги ҳақида билишни истайман. Сиз ҳам бу самовий боғларнинг қаерда жойлашган бўлиши мумкинлиги ҳақида билишни исташингиз аниқ. Қадимги Бобилдаги осма боғлар бу ҳозирги Ироқ давлати ҳудудида жойлашган. Муқаддас Каломни варақласангиз шоҳ Навуходносор ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top