Ассалому алайкум қадрдон тингловчи биродарлар. Қандайдир ғам-ташвиш юрагингни сиқиб ётган бир пайтда яқин кишингнинг далдасига муҳтожлик сезасан. Зарур пайтда яқинларидан далда ололадиган киши бахтлидир. У ким бўлишидан қатъий назар эркакми, аёлми ўз жуфтининг далдасини кутади. Айниқса турмушда эр-хотинларнинг бир – бирига далда бера олиши, улар орасидаги муносабатни мустаҳкамлайди. Лекин ҳар ким ҳам далда беришни билавермайди. Баъзилар эса умуман турмуш ўртоғининг бирор нарсадан сиқилаётганини сезмайди ҳам. Ундайлар турмуш ўртоқларига эътиборлироқ бўлишлари керак.
Гапингизга қўшиламан. Аёллар бирор нарсадан сиқилсалар, аламини йиғидан оладилар. Яъни айтмоқчи бўлганим, уларнинг сиқилаётганлари билиш осон. Шунга қараб эркак киши аёлига далда бериши мумкин. Бироқ эркакларда бунинг акси. Эркак киши йиғламайди. У дардини, ташвишини ичида сақлайди. Баъзилар бирор нарсадан сиқилганларида камгап бўлиб қолсалар, бошқалари сержаҳл бўлиб қоладилар. Шундай пайтда аёл киши зийракроқ бўлиб, мумкин қадар унинг ташвишини енгиллатиши керак. Зарур дамда эрига далда бероладиган аёлни эри доимо қадрлайди.
Албатта эркакларга ҳам далда керак. Фикримча аёлларда кўра эркаклар далда беришга нўноқроқ бўлади. Аёлларга бунинг ҳеч қийин жойи йўқ. Чунки улар табиатан муносабат қилишга қобилиятлироқ бўладилар. Эркакларда эса аксинча, аёли қийналиб турганда қандай қилиб далда беришни билишмайди. Ëки аёли йиғлаганда, овутиш ўрнига аёлига жаҳл қилади.
Сиз эркакларни тушунмайсиз. Уларнинг баъзилар далда беришни билмас, лекин бу ҳаммаси ҳам далда беришни билмайди дегани эмас. Аёли йиғлаганда жаҳл қилишига келсак, севган кишисининг йиғлашини кўтара олмагани учун, ҳам жаҳл қиладилар. Улар бунга тоқат қилолмайдилар. Мен бир аёлни биламан. У ҳар доим турмуш ўртоғининг ташвишини енгиллатишга ҳаракат қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам керакли сўзларни топа олади. Ҳар қандай ёмон ҳолатнинг ҳам яхши томонини кўра олади. Шунинг учун ҳам эри уни жуда қадрлайди.
Орамизда шундай аёлларнинг борлигини тан олиш ёқимли. Энди мен аёл кишининг далдага қандай муҳтожлигини айтсам. Баъзи аёллар эрларининг далдасига ишониб, қалбини қийнаётган муаммо ва ташвишларини айта оладилар. Бошқаларига эса ачинаман. Шундай эрлар борки, аёли нимадан сиқилаётганини билиб қолса, улар аёлидан ҳам ўтиб тушадиган даражада тушкунликка тушиб қоладилар. Кейин эса бечора аёл ўзининг дардини унутиб, эрини кўтаришга ҳаракат қилади. Аслида аёл далдага муҳтож. Эрининг характерини билган аёл ҳар сафар дардини ичига ютади, бир умр севган кишисининг далдасини ололмай яшайди. Бу оғир.
Нима ҳам дердим. Шундай эркаклар ҳам бор. Бундайлар далда беришни ўрганишлари керак. Аёлимизга руҳий мадад берсак, у буни бизга ўн баравар яхшилик қилиб қайтаради. Севганларимизнинг руҳан бутун бўлишлари учун далда беришга ҳаракат қилайлик. Далда бўла олиш, оилавий муносабатларимизни мустаҳкам, ширин ва завқли қилар экан, бунинг учун ҳаракат қилса арзийди.