MP3

Ассалому алайкум. Бугун сизларга биздан олис бир жойларда бўлган бир воқеани сўзлаб беришдан олдин Каломда келтирилган Худонинг сўзларини ўқиб беришни маъқул кўрдим. «Интиқом Менинг қўлимдан. Сазосини Мен бераман, — дейди Худованд».

Бугунги гувоҳлигимиз мана шу оятнинг нақадар ҳақлигини исботлайди. Бу узоқ бир қишлоқда бўлиб ўтган воқеа. Бир йили, биродарим билан бир қишлоққа борганимизда уй эгаси бизга мана шу бўлган воқеани айтиб берган эди.

Ҳа, бу воқеадан менинг ҳам хабарим бор. У эгаси яшаётган уйда авваллари бир имонли оила яшаган экан. Улар асли ўша қишлоқлик эмас эканлар-у, бироқ қишлоққа келишгач, ўзларининг меҳрибонлиги билан ҳамманинг ҳурматини қозонган экан. Улар янги келган кунларининг бирида, оила бошлиғи, қишлоқ оқсоқолларининг олдига бориб: «Қозон қайнатишимиз учун бизга ўтин керак. Қаердан олсак бўлади?», — деб сўрабди. Оқсоқол бир қуриган дарахтни кўрсатиб, ана шуни олишга рухсат берибди. Ота уйга бориб, ўғилларига кечки овқатдан сўнг ўтин олиб келишга боришларини айтибди.

Ҳаммалари ўтин боғлашга ип ва болта, арра билан бориб қарашса, кимдир ўша дарахтнинг шохларини кесиб олаётган эмиш. Ота у кишининг олдига бориб хушмуомалалик билан бу дарахтни оқсоқол уларга ваъда қилганини айтса ҳам ҳалиги киши буни тан олишни истамай, жанжал бошлабди. Баджахл амакининг бақир-чақирларидан қўрққан болалардан кенжаси онасини айтиб келиш учун югурибди. Киши борган сари жаҳл отига минар, оқсоқол бу дарахтни унга эмас янги келган келгиндиларга бергани учун янги қўшнидан аламини олар эди. У бир икки марта болаларнинг отасини туртибди.

Бу одам чиндан ҳам яхши киши экан, у: «Қўшни мен сизни уришни истамайман. Жанжал чиқармоқчи эмасман. Агар сизга ҳам ўтин керак бўлса, келинг шу дарахтни иккимиз бўлишиб оламиз», — деганига қарамай, туртишда давом этибди. Болаларнинг онаси етиб келиб, бир киши эрини туртаётганини кўриб, ичида дуо қилар, ҳар сафар ёмон одам эрини туртиб урганида эрига, сиз унга қарши қўл кўтарманг, дерди. Дилозор ичиб олган бўлиб, борган сари ғазаби қайнабди. У охирги сафар қўлидаги каттароқ шоҳ билан уриб йиқитибди.

Бироқ бу сафар у катта хато қилганди. Янги қўшни йиқилаётиб боши билан ўша ерга мол боғлаш учун қоқилган қозиққа тушди. У ўша жойида вафот этди. Бу хабар ўша кечанинг ўзида бутун қишлоққа тарқалди. Кўпчилик аёлга безори қўшнини судга беришни маслаҳат беришди. Аёл эса ғам чекса ҳам унинг жазосини Худонинг ўзи беради, деб унга қарши иш очмади. Милицияда у ҳамма айбни янги қўшнига қўйибди. Ўзи эса жазодан қутулиб қолди. Бу воқеадан кейин аёл болалари билан бу қишлоқда узоқ қололмади.

Безори қонун ҳукмидан қочиб қутулгани билан Худонинг жазосидан қутула олмади. Уй эгаси сўзини тугатар экан: «Айтишларича у ўшандан буён ҳар куни тунда оёқ томонида ўша ўзи ўлдирган одамнинг руҳини кўрган эмиш. Охири бу нарса уни ақлдан оздирди. Хотини ҳам уни ташлаб кетди. Бу жуда даҳшатли воқеа. Бироқ ростдан ҳам ўлган одамнинг руҳи уни таъқиб қилганига ишониб бўлмайди. Бу унинг виждони бўлган. Ҳа, аниқ унинг виждони қилган ишини доимо унга эслатиб турган.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top