3:29

Бизнес ҳақида

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар бир оила қўшимча иш билан шуғулланиб, маблағини кўпайтириш имкониятига эга. Айниқса бугунги кун шуни тақозо қилади. Топганини еб ўтирадиган пайт эмас ҳозир. Имкон даражасида кичик бизнес билан шуғулланиш, давр талабига айланган. Оилалар ҳам шу ҳақида бош қотиришмоқда. Кимдир, тикувчилик бизнес қилаётган бўлса, бошқа биров, товуқхона ёки фермер хўжалиги билан оиласига фаровонлик келтирмоқда. Бироқ ҳар бирини бошлаш учун ҳам ҳаракат, маблағ ва энг муҳими кучли хоҳиш керак. Агар ҳовли ерингиз бўлса, унга турли мевали дарахтлар экиб қўйинг. Буни биз айтмасак ҳам ўзингиз яхши биласиз. Кўпчилик дарахт экади-ю, унга парвариш бериш кераклигини англамайди.

Тўғри айтасиз, аниқроғи, экилдими тамом ўзи кўкариб чиқаверади, деб ўйлашади. Агар сиз боғдорчилик билан шуғулланмоқчи бўлсангиз, дарахтларингизга астойдил қарашингиз, ерларга ишлов беришингиз керак бўлади. Сиз боғдорчилик билан шуғулланиб, бирваракайига, икки хил услубда бизнес билан шуғулланишингиз мумкин. Биринчидан, дарахтларингиз мевага киргач, уларни эрта баҳордан то кеч кузгача сотиб, пул қилишингиз, ёки бўлмаса, ошганларини саралаб, қишки бизнес учун ишлатишингиз мумкин. Бунинг қандай бизнес эканини дарҳол англаб етган бўлсангиз керак. Ҳа, бу қоқи қилиш бизнеси. Агар дарахтларга яхши қаралса, ва йил баракали келса, меваларингизни териб улгуролмайсиз. Шундай бўлгач, ҳаммасини йиғиб териб, қоқи қилиб қўйсангиз, қишда ҳам оч қолмайсиз.

Дастурхонингиз тўкин – сочин бўлади. Бу иш билан шуғулланадиганлар, қоқи қилишни яхши билишади. Билмайдиган ёки бу иш билан шуғулланишни истаб қолган тингловчилар учун қоқи қилишга доир баъзи маслаҳатларни бериб ўтамиз. Масалан сиз ўрикдан қоқи қилмоқчисиз. Ишни ўрикларни саралашдан бошланг. Ўрикларни териб олишдан бошлаб гигиена қоидаларига риоя қилиш шу билан бир қаторда, уларни тоза пластмасса яшикларга жойлашда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Қоқи қилиш учун ўрикларнинг «Қантак», «Исфарак», «Субихон» каби нарвлари тўғри келади. Ўрик меваси меъёрида пишиб етилганда унда турли хил доғлар ёки яралар бўлмаслиги керак.

Ишни ўрикларни яхшилаб тоза сувда ювишдан бошланг. Юваётганингизда сувни тез-тез алмаштириб туринг. Сув тоза бўлиши керак. Ишлатилган сувни қоқи қилаётган жойингиздан анча узоқроққа тўкинг.

Ўрикларни кесилган ёки бутун ҳолатда қуритиш мумкин. кесилган қоқи қиладиган бўлсангиз, зангламайдиган пичоқ билан иккига бўлиб данагини олиб ташланг. Ёғоч таралар. Яъни патнисларга қўйилади. Ўриклар данагидан чиқарилгач икки соат ичида дудланши керак. Бу жуда нозик ва катта аҳамиятга эга бўлган босқич. Агар ўриклар икки соат ичида дудланмаса унда айниш жараёни бошланади. Дудлаш 6-8 соат давом этади. Дудлашда олтингугуртдан фойдаланиш кераклигини билсангиз керак. Бунинг учун олтингугуртни темир идишга солиб, оддий гугурт ёрдамида ёқинг. Кейин эса тутагунга қадар ёнсин. Олтингугуртни 100 кг мевага 1 кг ишлатинг. 6-8 соат ичида олтингугуртнинг ҳаммаси ёниб тугаши лозим.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Суҳбатимизни кейинги сафар давом эттирамиз. Ўрик қоқидан ташқари, помидор қоқи қилишга оид маслаҳатларимизни тинглашни унутманг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top