Ассалому алайкум руҳий дардкашлар. Худо эр-хотинни бир тану бир жон қилар экан, уларнинг руҳда ҳам бир бўлишларини истайди. Энг яқин турмуш ўртоқлар ким биласизми? Руҳий муаммоларини бир-бири билан бўлиша оладиган, бир-бирига руҳан далда бўла оладиган эр-хотинлардир. Бундайларнинг ҳаёти мустаҳкам бўлади. Фарзандлар ҳам ота-оналаридан ўрнак олиб, келажакда энг яхши руҳан дардкаш турмуш ўртоқ бўладилар. Эр-хотинлар бир-бирларига шундай меҳрибон ва дардкаш бўлиши билан бирга келажакда фарзандларининг ҳам шундай яхши сифат эгаси бўлишларини таъминлайдилар. Бу икки томонлама фойда-ку!
Ҳа, шундай турмуш ўртоққа эга бўлган одам бахтли. Аслида ҳам юрагингни қийнаётган мавзуларни, қийинчиликларни турмуш ўртоғинг билан маслаҳатлашишинг керак. Афсуски ҳаётда бундайлар жуда кам учрайди. Нега дейсизми? Хотинлар юрагини қийнаётган муаммоларни эридан кўра бирорта яқин дугонасига очишни маъқул кўради. Чунки мана шу оғриқли муаммолар унинг эрига ёки оиласига тегишли-да. Агар шу нарсаларни эрига айтса, эри баттар тутоқиши, уни тушунмаслиги мумкин.
Ëки эркакларни олайлик. Улар қийналаётганликларини хотинларига кўрсатишни истамайдилар. Ўша қийналишни жаҳл билан, чарчагандек кўрсатиш билан ниқоблайдилар. Агар аёл аққли бўлса эрининг бирор нарсадан қийналаётганини дарров билиб олади. Мавриди келганида секингина сўраши, дардига дармон бўлиши мумкин. бироқ эр буни истмаса, бирор бир дўсти билан дардлашади. Кўп холларда қийналиш эркаклар учун заифликдай бўлиб кўринади. Аслида тирик жон борки, бирор нарсадан қийналади.
Шуднай пайтларда бир-бирларини яхши тушунадиган эр-хотинлар бир бирига далда бўла олишлари мумкин. баъзида шундай пайтлар бўладики, хотин киши дугонаси билан ёки эркак киши дўсти билан учраша олмай қолиши мумкин. Хўш, бундай пайтда нима қилишади? Сиқилиб, хуноби чиқиб юраверадими? Шундай бўлмаслиги учун эр-хотинлар бир-бирларига руҳан сирдош ва дардкаш бўлиши керак. Бу бирданига бўлмайди.
Бунинг учун худди юришни ўрганаётган боладай ҳаракат қилиб кўриш керак. Аввал юрагингизни очишга бир қадам қўйинг. Турмуш ўртоғингизни сизни эшитишга тайёрланг. Худодан турмуш ўртоғингиз сиз учун энг яхши дардкаш бўлишини сўраб илтижо қилинг. Аста-секин юрагингиздаги оғриқли муаммоларингизни айтишга ўрганинг. Бу нарса эркакларга ҳам аёлларга ҳам бирдай қийин бўлиши мумкин. бироқ ҳар икки томон бир-бирини тушунишга ҳаракат қилса, натижаси аъло бўлади.
Тўғри айтасиз. Бир-бирига дардкаш бўла олиш эр-хотинларни яна ҳам яқинлаштиради. Уларнинг қалбларини тушунишга ёрдам беради. Келажакда бўлиши мумкин бўлган жанжалларнинг олдини олади. Агар турмуш ўртоғингизнинг қалбини, уни оғритаётган мавзуларни билсангиз, сўзларингизга эҳтиёт бўласиз. Унинг кўнглини оғритмасликка ҳаракат қиласиз. Нима бўлганда ҳам шу нарса аниқки ҳар қандай эр ёки хотин турмуш ўртоғининг у учун энг яқин киши бўлишини истайди. Агар сиз ҳам шуни истасангиз, ишга киришинг. Турмуш ўртоғингиз учун энг яқин дардкаш бўлинг.