Ассалому алайкум. Бу сафар ҳам суҳбатимиз оталар ҳақида бўлади. Бироқ бу суҳбат бўлажак оталар учун фойдадан ҳоли эмас. Агар фарзанд кутаётган бўлсангиз, бизнинг суҳбатимизга қўшилинг. Бу келажакдаги оталик вазифангизга катта ёрдам беради. Авваллари фарзанд туғилаётганда оталарнинг кириши маън этиларди. Бироқ ҳозир оталарга туғуруқ жараёнида иштирок этиш – оиласига азиз, узоқ кутилган митти меҳмоннинг дунёга келишини кузатишга рухсат этилди. Аниқроғи нафақат кузатишга, балки бу жараёнда иштирок этишга ҳам.
Шундай дейсиз-у, бироқ ҳамма туғуруқхоналарда ҳам оталарнинг киришига рухсат беришавермайди. Мана бир танишим, яқинда тўртинчи фарзандини дунёга келтирди. Оталарнинг туғуруқ жараёнида иштирокига рухсат берилганини эшитиб, у ҳам турмуш ўртоғини ёнида бўлишини истади. Бироқ шифокорлар бунга рухсат беришгани йўқ. Улар ўз ишларини бошқача изоҳлашади. Айтишларича, оғир туғруқ жараёнини гувоҳи бўлган эркак руҳий жароҳат олиши мумкин экан. Яъни аёлининг қийналаётганини кўрган эркак бошқа фарзандли бўлишни истамай қолиши мумкин экан.
Тўғри айтасиз, оталарнинг туғуруқда иштирок этиши жуда муҳим. Яқинда бир ота билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Айтишича, у то хотини билан туғуруқхонага боргунча қаттиқ ҳаяжонланган, лекин у ерга етиб боргач, ҳаяжонланишга вақти ҳам бўлмаган. Аёлига оғриқни енгиллаштириш учун ёрдам берган, уқалаган, у билан бирга дардни бошидан кечирган. «Мен аёлимни овунтиришга ҳаракат қилиб, сониялар санардим. Дард тутиши 50 сониядан узоқ давом этмайди. Мен эса бу пайтда уни алдашга, чалғитишга ҳаракат қилдим. Қизалоғим дунёга келганида мени ҳаммадан ҳам кўпроқ унинг қанақа тирилгани ҳайратга солди: кўзчаларини очиши, йиғлаши… уни ўраб қўлимга беришди ва у дарҳол овунди.»
Бундай бахтни, фарзанднинг дунёга келиш мўъжизасини кўришни қайси ота ҳам истамайди дейсиз. Кўп давлатларда оилавий туғуруқхоналарга одатий ҳол сифатида қарашади. Масалан, АҚШда туғуруқда иштирок этмаган отага худди ўзга сайёраликка қарагандай қарашади. Туғуруқда нафақат ота, балки болалари, ота-онаси ва бошқа яқинлари ҳам иштирок этиши табиий ҳолдир. Бу аёлларга ҳотиржам кайфият яратади, дея хисоблайди америкалик мутахассислар.
Бу бир ҳисобдан тўғри. Туғуруқда иштирок этган ота энг аввало аёлига эътиборлироқ, меҳрибонроқ бўлишни, фарзандига ва оиласига масъулиятли бўлишига ёрдам беради. Бошқа томондан аёл кучли оғриқни бошидан кечираётганида ёнида энг яқин кишиси, турмуш ўртоғининг бўлиши унга куч ва ҳотиржамлик бағишлайди. Чунки бугунги кунда кўпгина ёш оналарнинг фарзандини дунёга келтиришига кучлари етмаяпти. Ундан ташқари ўғиллар оналарини ҳам қадрлайдиган бўлишади. Чунки она шу ўғилни дунёга келтиргунча ўлим билан олишганлигини тушунишади.
Бу ҳақиқат. Бизнинг шароитимизда ҳам туғуруқда оталарнинг иштирокига рухсат берилган бўлса-да, баъзи камсуқум аёллар туғуруқ жараёнида ўзлари бўлишни истайдилар. Бошқа бирлари эса кўпчилик атрофида эмас, ёлғиз докторлар қуршовида ўзларини бемалол ва ҳотиржам ҳис қиладилар. Нима бўлганда ҳам оталар оилада оталик ва эрлик масъулиятини унутмасалар бас.