3:18

Болаларга пул бериш керакми?

MP3

Ассалому алайкум қадрли ота-оналар. Яқинда бир танишим менга антиқа бир савол берди. Бу саволга аниқ жавоб беришга аниқроғи қийналиб қолдим. Унинг айтишича… келинг яхшиси унинг саволини ўқиб бера қолай. «Менинг катта фарзандим 13 да, бошқалари ундан кичикроқ. Баъзи — баъзида менга ёрдамлашганлари учун уларга пул бериб тураман. Ўзлари ишлатишлари учун. Бироқ бу ҳақида дўстимга айтсам, у бу фикрга мутлақо қарши чиқди. Айтишича агар фарзандларимни шу зайлда тарбияласам, қариганимда бир пиёла сув ичиришлари учун ҳам пул тўлашимга тўғри келар экан. Бошим қотиб қолди. Нима қилай?».

Бу саволга мен шундай жавоб берган бўлардим. Болалар оналарига ёрдам беришлари кераклигини билишлари керак. Бу уларнинг бурчи. Ҳамма ишни она қилиши шарт эмас. Болалар дарсдан, уй вазифаларидан бўш вақтларида кўчага чиқиб ўйнашдан олдин бирозгина онасига ёрдам бериши керак. Болаларни шунга ўргатиш онанинг зиммасида. Шундай қилингки, болангиз зорланмасдан, сиз айтган ишни қилсин. Бунинг учун унга пул тўлашингиз шарт эмас. Аммо болани ишга кўмиб ташлаш ҳам яхши онанинг иши эмас. Бола унинг асосий иши, ўқиш эканини билиши ва шу жавобгарликни ўз зиммасига олиши керак.

Мен яна бир оилани биламан. Улар фарзандларига пул тўлашади. Бироқ қилган ишлари учун эмас. Олган аъло баҳоси учун. Бу оила ўқув йилининг охирида фарзандларининг ҳамма бешларини хисоблаб, ҳар бир «беш»и учун 100 сўмдан пул беришади. Бу ўқигани учун тўлов сифатида эмас, яхши ўқигани учун мукофот тарзида берилади. Бошқа бир оила эса ҳар бир чоракнинг охирида олинган «беш»лар учун фарзандига 5000 сўмдан пул беришади. Бу болани яна ҳам яхши ўқишга руҳлантиради.

Америкалик руҳшунослар ҳар бир бола қиладиган ҳаражатлари учун маълум миқдорда ота-онадан пул олиб туриши керак деб хисоблашади. Масалан, бола олти ёшда бўлса $ 6 ёки ўн ёшда бўлса ҳафтасига $10 пул олиб туради. Германияда эса болаларга бериладиган пуллар қонун билан белгиланган. Олти ёшгача болалар ҳафтасига эллик центдан 7 ёшдан эса 1,5-2 евро, 10 ёшдан бошлаб 10-12 евро, 13 ёшдан эса 20 евро, 15 ёшли ўсмир эса ҳафтасига 25-30 евро олишга ҳаққи бор экан.

Бизда эса бундай қонун йўқ. Ҳар бир оила боласига пул бериш ёки бермасликни ўзи ҳал қилади. Бу борада аниқ бир тўхтамга келиш қийин. Баъзи оилалар болаларига кунига 500-1000 сўмдан тушликларига пул беришади. Агар бундан ошиб кетса бола бу пулни бошқа кераксиз ёки ёмон нарсаларга ишлатиши мумкин. Масалан, компютер клубга, ёки ёмон дисклар сотиб олишга ва ҳокозо. Шунинг учун болага пул беришда унинг кундалик ҳаражатларини ва ёшини хисобга олган ҳолда иш кўриш керак.

Агар фарзандингиз пулни беҳудага сарфламаслигини, уни оқилона ишлатишини билсангиз, кундалик ҳаражатлар пулини оширишингиз мумкин. Энг яхшиси пулни яхши ишлатган куни унга бирозгина қўшимча пул беринг. Шу билан болани ёшликданоқ пулни тўғри ишлатишга рағбатлантирган бўласиз. Сиз эса бир ўқ билан икки қуённи урган бўласиз. Бу рағбатлантириш болангизга пулни эҳтиётлаб, тўғри нарсаларга ишлатишга ўргатади ва уни хурсанд қилади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top