3:08

Душманингни сев

MP3

Мен университетда ўқиб юрган кезлар. Кўп ҳам одамлар даврасига қўшиладиган йигит эмасдим. Шаҳарлик бўлмаганим боис, шаҳарликларни қабул қилишим қийинроқ кечган. Бир куни гуруҳимиздаги бир йигит билан жанжаллашиб қолдик. Аслида йигитчилик, бундай уруш-жанжаллар тез-тез бўлиб турарди. Лекин бу сафаргиси мени қаттиқ таъсирлантирди. Ўз гуруҳимдаги йигит билан уришиш ҳаёлимга ҳам келмаганди аслида. Бироқ нафсониятимга теккани жуда алам қилди. Муштлашдик. Уни кўрарга кўзим йўқ эди. У ҳам менга нафрат билан боқарди.

Хуллас биринчи курсданоқ ўзимга душман орттириб олдим. Кунларнинг бирида ҳамюртим билан учрашиб қолдим. У мендан уч тўрт ёшга катта ва жуда ақлли йигит эди. Унинг муомаласи ва гаплари бутунлай бошқаларникига ўхшамасди. Тез-тез у билан дардлашадиган бўлдим.

Кунларнинг бирида гуруҳимдаги йигит билан муштлашганимни, айтиб бердим. Ҳар сафар у ҳақида эсласам, юрагимда нафрат олови ёнарди. Унинг менга нисбатан қилган ишини кечира олмасдим. Ҳамюртим, мен кутгандек, насиҳат қилиб ўтирмади. Аксинча бир гап айтди ва бу бир умр ёдимда қолди:

«Душманларингизни севинглар. Сизни лаънатлаганларни дуо қилинг». Бундай гапни илгари ҳеч қаерда эшитмаган эдим. Кейинчалик билсам бу оят Муқаддас Каломдан экан. У менга Муқаддас Каломни ўқиб кўришни маслаҳат берди. У мени бу китобни ўқишга мажбурламади. Шунчаки қизиқаётган бўлсам, ўқиб кўришим учун бир неча кунга бериб турди. Ўша куни бир – неча оят ўқидим. Тушунмадим. Секингина ёпиб қўйдим. Бироқ ўша кундан бери негадир муштлашган йигит ҳақида кўп ўйлайдиган бўлиб қолдим. Ишонасизми, ҳатто тушларимда ҳам Худо ўша йигитни севишим кераклиги ҳақида айтарди.

Тушимда у йигитни кўрар эканман, ўнгимда бўлганидек унга нисбатан нафратни туймасдим. Қалбимда у етказган оғриқ ҳам сезилмасди. Худди мен уни кечиргандек эдим. Худо ҳам уни кечиришга ундарди. Бу жуда ғалати ва қизиқ туш эди. Қизиғи шундаки, мен бу тушни бир марта эмас, бир неча марта кўрганман. Кейин эса таътилдан ўқишга қайтгач, ўша йигитни кўрдим. Бу сафар уни кўрганимда унга нисбатан нафратни ҳис қилмадим. Кейинги сафар эса у билан сўрашишга журъат топдим. Аста секин у билан дўст бўлиб қолдик. У мен ўйлаганчалик ёмон йигит эмас экан.

Мен Муқаддас Каломни ўқир эканман, аста секин унинг маъносига тушуна бошладим. Бироқ ҳали ҳам ўз эътиқодимдан воз кечишни истамасдим. Исо Масиҳни ўз Раббим ва Нажоткорим деб қабул қилгунимча бу ҳақида жуда кўп ўйлаганман.

Бу қарорга келишим осон бўлмаган. Ҳар томонлама ўйлаб, тарозига солиб кўриб, ҳаётда Худонинг мўъжизаларини кўриб, кейин шу қарорга келганман. Нима бўлганда ҳам, ўшанда ҳамюртимнинг менга кўрсатган илтифоти, меҳрибончилиги, ҳамдардлиги менга кўпроқ ёққанди.

Мен кўп ҳам гапга чечан йигит эмасман. Қуруқ гап-сўздан кўра амалдаги иш менга кўпроқ ёқади. Ўзим ҳам мана шу нарсага амал қиламан. Менимча Худо ҳақида минг марта гапиргандан кўра, Худонинг қанчалик меҳрибон, ғамхўр эканини Худонинг фарзанди бўлиб кўрсатиш яхшироқ. Бу йўл одамлар юрагига яхшироқ ва тезроқ етиб боради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top