MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Муқаддас Каломда Лут ҳақида ўқигансиз, бу шахс ҳақида қандай фикрдасиз? Кимлардир Лутни «одил», «солиҳ» киши бўлган дейди. Муқаддас Каломда ҳам бу ҳақида ёзилган. Иброҳим пайғамбарнинг Худо фариштаси билан қандай савдолашгани эсингиздами? Ўшанда Худонинг фаришталари Иброҳимга: «Агар ўша ерда ўн нафар солиҳ киши қолган бўлса ҳам, ўша ўн нафар ҳаққи учун ҳам бу жойни хароб қилмайман», — деганди. Бироқ фаришталар Садўм аҳолиси орасидан фақатгина Лутнинг оиласини қутқариб қолишга қарор қилишди.

Тўхтанг, Лутнинг қилган ишини тушунолмайман. Бўпти, бошида Ўлик Денгизи ёнида жойлашган Садўм ва Ғамўра шаҳарларининг яшиллиги, қўй боқишга боп жой эканини кўриб, ўша ерни танлаганди. Бироқ у ерга кўчиб борганидан сўнг шаҳар одамларининг қандай эканини билгандир? Уларнинг ёвузлигини, гуноҳга ботганлигини кўрганидан сўнг, ортга қайтиб кетса бўларди-ку? Лут амакиси Иброҳим билан бирга йўлга отланганида, амакисини чорлаган Худо ҳақида биларди. У ҳам ўша Худони ўзининг Худоси деб тан олиб, унга эргашди. Иброхим Худо билан қилган суҳбатларини Лутдан яширмаган бўлса керак. Чунки, Лут унинг севимли жияни эди.

Сизни жуда яхши тушуниб турибман. Худони яхши билган одам, бундай жойда яшамаслиги керак эди, демоқчисиз-да. Албатта фикрингизга қўшиламан, бироқ Калом Лутни «солиҳ» деб аташи билан бирга, ёвузларнинг «таъсирига тушиб қолган» деб ҳам атайди. Муқаддас Каломнинг Эзекиел китоби 16 бобида, Эзекиел Садўмни шундай тасвирлайди: «…нопок, мағрурликка тўла, фаровон ҳаёт кечирадиган, бутпарастларга тўла жой…» . Тарихга назар ташласак ҳам, Садўм ўша текисликда жойлашган, бошқа шаҳарларнинг энг бойи ва энг гуллаб яшнагани эди. Бу шаҳарнинг одамлари бойликка, энг сара матоларга, энг яхши озуқага ўч кишилар эди. Шундай шаҳарда яшаган одам, яна қандай қилиб, бошқа жойга бора олади. Менимча Лут ҳам бу шаҳарнинг бойлигига учган бўлса ажаб эмас.

Яхши мисол келтирдингиз. Шайтон Худо фарзандларини ҳам мана шундай бойликлар билан кўзларини қамаштиришни ва Худодан узоқлаштиришни истайди. Ундан ташқари Каломдан Лут ҳақида ўқий туриб бир оятга кўзим тушиб қолди. Унда шундай ёзилган эди: «Оқшом тушгач, ўша икки фаришта Садўмга келдилар. Шаҳар дарвозаси ёнида Лут ўтирган эди. Лут уларни кўриши биланоқ ўрнидан туриб, уларга пешвоз чиқди, юзи билан ерга йиқилгудек бўлиб таъзим қилди.» Калом уни шаҳар дарвозаси олдида ўтирган эди, дейди. Бундан чиқди у шаҳарда қандайдир сиёсий лавозимга эга шахс бўлган. Ўша даврда фақат маълум бир мавқега эга бўлган одамларгина шаҳар дарвозаси олдида ўтирган. Уларнинг олдига кишилар маслаҳат ва ёрдам сўраб келишган.

Ҳа, гапларингиздан Лутнинг аҳволини тушунгандай бўлаяпман. Калом Лутни «солиҳ» деб атар экан, бунга сабаб бор. Келинг уни маълум бир сиёсий лавозимга эга бўлган деб хисоблайлик. Ундай бўлса, у ўша шаҳар аҳолисининг ҳаёт тарзини ўзгартиришга қарор қилган бўлиши ҳам мумкин. Бу шаҳарда камбағалларнинг оҳу-додига қулоқ соладиган одамнинг ўзи йўқ эди. Балки Лут уларга шу томондан ёрдам бермоқчи бўлгандир?! Аста-секин уларга Худо ҳақида айтмоқчи бўлгандир?! Нима бўлганда ҳам Лутнинг бу шаҳарда қолишига сабаблар кўп. Ўша сабабларни кейинги суҳбатларимиз орқали билиб оласиз.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top