Қадрли опа сингиллар бугунги кунда ҳамма жойда кофени реклама қилаётганларининг гувоҳи бўламиз. Телевизор ёки радиода ҳам кофенинг бир қанча фойдали томонларини кўз-кўз қилишади. Тонгда ичсангиз кун давомида сизни тетик қилади, ёки бўлмаса тушда ичилган кофе кишига хушкайфият бағишлайди, ва ҳокозолар. Аммо кофе меъёридан ортиқ ичилмаслиги керак. Ҳар нарсанинг ўз меъёри бўлганидек, кофе ичишнинг ҳам ўз меъёри бор. Биз аёллар доимо ҳаракатда ва тетик юришимиз лозим. “Кофе ичсам анча тетиклашаман, ланжлигим ҳам йўқолади”, — деб кетма-кет кофе ичиш ҳам организмга анчагина салбий таъсирлар кўрсатади. Кофе таркибидаги кофеин моддаси юрак урушини тезлаштириб юборади. Бундан ташқари қандай кишилар кофе ичишлари қандайлари ичмаганлари маъқул деган саволга жавоб топганидан сўнггина ичиш мумкин. Чунки айрим кишиларга кофе мутлақо зарарли ҳисобланади. Масалан остсопороз хасталигига чалинган кишилар умуман кофе ичмасликлари лозим. Уни гормон ўрнини босувчи муолажа эстроген билан бирга истеъмол қилиб бўлмайди. Ҳомиладор аёллар эса кофе ичишни камайтирганлари маъқул. Яхшиси умуман ичмаганлари маьқул. Чунки кофеиннинг қондаги миқдори ортиб, ҳомилага салбий таъсир кўрсатади. Илгари қон босими юқори кишилар кофе ичишдан ўзларини тийиши керак, деб тавсия берилар эди, энди эса кофе гипертониклар учун фойдали дея фикр билдирмоқдалар. Воажаб, қай бирига ишониш керак? Бу борада дунёнинг турли мамлакатларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. 20 йилга яқин олиб борилган тадқиқотларда қарийб 50 минг чамаси беморлар қатнашди. Ана шу тадқиқотлар натижаларини қуйидагича умумлаштириш мумкин. Кофе ичишнинг фойдалилигига қуйидаги ҳолатлар шоҳид: кайфиятнинг яхшиланиши, ишлаш ва фикрлаш қобилиятининг ортиши, толиқишнинг йўқолиши, уйқусизликнинг барҳам топиши, қон босими, юрак фаолияти ҳамда қандли деиабет хасталигининг кечишига салбий таъсир этмаслиги. Хатто, аксинча кофенинг тўғри ва йўғон ичак саратонида, ўт пуфаги буйрак тоши ва бошқа қатор хасталикларидаги ижобий таъсири аниқланган. Тадқиқотларнинг кўрсатишича 250 миллиграм кофеин томирга юборилганда, ҳақиқатдан, қон босими қисқа муддатга кўтарилган. Шуни таъқидлаш жоизки, бундай ҳолат, умуман кофе истеъмол қилмайдиган кишиларда кузатилган. Мунтазам кофе ичиб турадиган кишиларда томирга кофеин юборилганда қон босими ошмаган. Азиз аёллар опа-сингиллар ким нима деса десин-у, кофенинг меъёридан ортиқ ичиши, ва ухламаслик учун танани кофе ичиб, танани зўриқтириб ишлаш организмга ҳеч қачон фойда келтирмайди. Чарчадингизми, ётиб ухланг, чунки организм етарлича дам олгандагина жуда кўп хасталикларнинг олди олинган бўлади. кофе жуда камдан-кам ҳолатларда ичилгани маъқул. Кайфиятни кўтариш учун ҳам табиий усулдан фойдаланинг. Бу маълумотлар сизлар учун эди, азизлар. Омон бўлинг!