3:23

Руҳий ғалаба 79

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Эфирда “Дилкаш” радиоси. Студияда мен Ғолиббек. Сиз азизлар билан бир неча дақиқа давомида бирга бўламан. Азиз радио тингловчи биродарлар, сир эмас, бизнинг мамлакатимизда ҳам оккультик амаллар ва маросимлар билан шуғулланадиган кўпгина инсонлар бор.

Ҳаттоки айрим биродарларимизнинг яқинлари ёки қариндош уруғлари ҳам шундай амаллар билан шуғулланаётган бўлиши ҳам мумкин. Балки қачонлардир ҳали тирик Худовандни таниб билмаган вақтингизда сиз ҳам иштирок этган бўлишингиз мумкин. Умуман олганда, сиз таниб билган инсонлардан кимлардир оккультизм билан шуғулланаётган бўлса, бу гуноҳли ишдан бош тортиб, тавба қилиши кераклигини уларга тушунтириб беришимиз лозим.

Азиз биродар, бундай оккультик амаллар ва уларнинг оқибатлари жуда жиддийдир. Шунинг учун ҳам уларнинг ҳар бирини бирма-бир айтиб тавба қилиш, Раббимиз Исо Масиҳда озод бўлиш йўлидаги биринчи қадам ҳисобланади. Худованд олдида тавба қилмоқчи бўлган киши Раббимиз Исонинг Нажоткор эканлигини инкор қиладиган ёки Муқаддас Ёзувларга асосланмайдиган ёки қарши бўлган ҳар қандай таълимотларни ўргатишга уринадиган ҳар қандай фаолият ёҳуд гуруҳлардан воз кечиши зарур.

Азиз биродар, оккультизмда нафақат қизиқиш туфайли, ҳатто заррача ҳам иштирок этмаслик, ҳатто томошабин сифатида ҳам иштирок этмаслик керак. Бундай ҳолатлар, албатта, ҳар қандай кишига ўз таъсирини ўтқазмай қолмаса керак. Масалан, қаергадир чиройли гул эксангиз, у очилиб ҳаммани хурсанд қилади. Лекин унга эътибор бермай парваришламасангиз, уни чирмовиқ ураб бўғиб қўйиши мумкин.

Чирмовиқ шундай ўтки, у яхши экинларга аста-секин ўралиб, вақт ўтиши билан уларни бўғиб қўяди. Натижада яхши экин етарли озуқа ололмай, қуриб нобут бўлади. Азиз биродарлар, Муқаддас Китобдан бир нечта оятларни сизлар учун айтиб ўтишни лозим деб топдик. Ушбу оятларни ўқиб ўрганиб чиқсангиз, сиз учун фойдали бўлади. Чиқиш китоби 20:3-4 оятлар; Иккинчи Қонунлар китоби 18:9 оятдан 14 оятгача; Матто китоби 4:10 оят; Юҳанно китоби 4:23 оят.

Инсон Худо ва Унинг Каломи ҳақиқат эканлигини очиқ-ойдин, сўз билан эътироф этиб, бу ҳақиқатни қабул қилиши ва унга ишониши керак. Биз Худонинг ҳақиқатини бутун борлиғимизнинг энг ички, яширин жойига жо қилишимиз зарур. Айнан шу ҳақида Забур китобининг 50 боби 8 оятидан ўқиб кўришингиз мумкин.

Бизнинг самовий Отамиз ҳақиқатни билишимизни, ҳақиқатга ишонишимизни, ҳақиқатни гапиришимизни ва ҳақиқатга асосланиб яшашимизни истайди. Азиз биродар, ўзинигизнинг фикр-мулоҳазаларингизни бизнинг электрон манзилимизга юборишингиз мумкин. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com. Сизларнинг ҳар бир мактубингиз биз учун қадрлидир. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top