3:05

Худонинг сўзи 08

MP3

Ассалому алайкум азиз радиомиз мухлислари, сизлар билан “Дилкаш” радиоси ва унинг бошловчиси мен Ғолиббек, бугун сизлар билан бир неча дақиқа бирга бўламан. Азиз радио тингловчи, келинг, бугунги эшиттиришимизни Муқаддас Китобдаги ҳам қайғули, ҳам руҳимизни қўллаб-қувватлайдиган бир оят билан бошласам.

Ушбу оят Ҳаворийлар китобининг 20 боби 23 ва 24 оятларида баён этилган: “Фақат шуни биламанки, шаҳарма-шаҳар юрган сари занжиру кишанлар, қайғу-аламлар мени кутади. Буни Муқаддас Руҳ менга аён қилмоқда. Лекин бунга қарамай, ўз жонимни ҳам аямайман — қани энди фаолиятимни тамомлаб, Худонинг иноятидан далолат берувчи Хушхабарга гувоҳлик бермоқ учун Раббим Исодан олган топшириқни қувонч ила бажо келтира олсам”.

Бутун масиҳийларининг ва жамоатларнинг боши Раббимиз Исо ҳаворий Павлусни олдиндан мана шулар ҳақида огоҳлантирган эди. Ҳозирги замонда ҳам кўплаб миссионерлар бирон мамлакатга боришдан аввал шу мамлакат ҳақида ва у ердаги қийинчиликлар ҳақида яхшилаб ўрганишади.

Худога шукур, шундай биродарларимиздан кўплари барча қийинчиликларга қарамай, Худованд учун ўз хизматларини олиб боришмоқда. Кўпинча шундай биродарларимиз ўз оилаларини, қолаверса ўз ҳаётларини ҳавф остига қўйиб хизмат қилишмоқда. Азизлар, бундан мақсад нима? Кимнингдир олдида обрўга эга бўлишми ёки кимлардандир мақтовлар эшитишми?

Йўқ, мақсад, албатта, Осмондаги Отамизнинг буюк топшириғини адо этишдир. Унинг топшириғи эса бутун дунёга нажот ҳақидаги Хушхабарни ёйишдан иборатдир. Агар ҳаворий Павлуснинг ҳаёти ва олиб борган хизматининг тарихига назар ташлайдиган бўлсак, худдики Павлус қийинчиликлар, азоблар чекиш учун танлангандек кўринади.

Азизлар, Муқаддас каломдан унинг кўп азоб чекканига гувоҳ бўламиз. Шунга қарамай, Павлус ажойиб ўқитувчи, миссионер ҳамда Муқаддас каломнинг кўплаб мактубларининг ёзувчиси сифатида кўришимиз мумкин. Павлус ҳақида ўйлаганимизда ва гапирганимизда ҳар доим ҳам унинг буюк қайғулардан ва қийинчиликлардан ўтганини эслайвермаймиз.

Лекин барча муаммоларга қарамай, у Худовандга содиқ ва ситқидилдан хизмат қилди. Азиз биродар, руҳий ҳаётимиз даврида азоблар, қувғинлар ҳамда муаммоларнинг бўлиши табийдир. Сизларга бугунги эшиттиришимиз орқали сабрли бўлинглар, деб айтмоқчиман. Барчаси ўткинчидир. Энг муҳими, Худовандга содиқ қолиб, имонда мустаҳкам туриш. Азоб чекаётган ёки қувғинда юрган биродарни билсангиз, улар учун ва уларнинг оила аъзолари учун тинимсиз ибодатда бўлинг. Бундай ибодат биродарларимизга руҳий куч бағишлайди. Азизлар, ўз фикр ва таклифларингизни бизга ёзиб юборинг. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com. Хайр саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top