3:20

Руҳий ғалаба 86

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи. Яна ҳаво тўлқинларида сиз азизлар учун берилиб борилаётган эшиттиришларимиздан бири. Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, биз ҳали дунёда юрган пайтимизда гуноҳнинг қуллиги остида бўлганимизга ҳеч биримизда шубҳа йўқ.

Бундан ташқари ва энг ачинарлиси, баъзи пайтларда Худога имон келтириб ҳам ҳали гуноҳнинг қуллиги остида юрганлар йўқ эмас. Худо бизларни кўкрагимиздан итариб ҳайдамаяпти. Аммо биз озодликка эришишимиз мумкин бўлган йўлни қидириб топишимиз керак. Шу йўлни қидирган пайтимизда, албатта, бизга Худованд кўрсатади.

Ушбу кўрсатилган йўл қуллик билан озодлик ўртасидаги танлов йўли ҳисобланади. Раббимиз Исо Масиҳда ҳақиқий озодликка эришиш учун, биз Ёқуб китобининг 4 боби 7 оятида айтилган сўзларга амал қилишимиз керак: “Шундай қилиб, Худога итоат қилинглар. Иблисга қарши туринглар, шунда у сизлардан қочади”. Биз гуноҳларимизга тавба қилиш ва иқрор бўлиш орқали Худога бўйсунамиз.

Иблиснинг ёлғонларини инкор қилиб, унга қарши чиқамиз. Шундан сўнг биз ҳақиқат нурида юрамиз ва Худонинг барча қурол-аслаҳалари билан қуролланамиз. Тавба қилиш — бу шунчаки: “кечирим сўрайман” деб айтиш эмас. Тавба қилиш – “мен буни қилдим” деб, қилган гуноҳига очиқ-ойдин иқрор бўлишдир. Гуноҳни тан олиш кўпинча Худованд олдида тавба қилиш билан якунланади.

Лекин яқин дўстингиз билан шу ҳақида бўлишиш ҳам тавба қилиш учун ва озодликка эришиш учун яхши имкон беради. Инсоннинг юрагидаги ҳеч ким билмайдиган гуноҳ худди саратон касаллигига ўхшайди. У ҳар қандай кишини аста секин кемириб, руҳан ҳолсизлантириб боради.

Вақти-соати келганда эса ҳалок қилади. Ҳатто кичкинагина гуноҳ ҳам ҳар қандай инсонга азоб беради. Масалан: оёқ кийимингизга кичкина тош кириб қолса, уни ўз вақтида олиб ташлашга ҳаракат қиласиз, акс ҳолда юришингиз қийинлашиб, оёғингизни терисини шилади ва қонатиб ярага айлантиради. Ҳар қандай гуноҳни ўз вақтида Худованд билан ҳал қилиш ва Ундан кечирим олиш билан енгиш мумкин.

Биз юрагимизга жойлашиб олган ҳар қандай гуноҳнинг ҳар қандай кўринишларини кўрсатиб беришини Худодан сўрашимиз керак. Бироқ бунинг ўзи билан чекланиб қолмай, янада олға қадам ташлашимиз керак. Худодан юракларимизни ўзгартиришини илтижо қилишимиз керак. Худованднинг олдида қилинган тавбадан сўнг Раббимиз Исога итоаткор бўлиб, ўзимизни Унга бағишлашимиз керак.

Муқаддас Китоб бизнинг юрагимизда жойлашиб олган гуноҳларимиз жиддий, руҳий муаммоларга сабаб бўлиши ҳақида аниқ гапиради. Шайтон эса гуноҳ ҳақида ҳеч кимга айтмасдан жимгина яшашимизни ва охир-оқибат Худодан воз кечишимизни истайди. Азизлар, юрагингиздаги муаммолар ҳақида бизга мактуб йўлланг, биргаликда ибодат қиламиз. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top