Ассалому алайкум ҳурматли радиомиз мухлислари. Азизлар, сизлар билан яна радиомиз қаршисида соғ-омон учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Азизлар, уй гуруҳлари мавзусидаги эшиттиришимизни яна давом эттирмоқчиман.
Азизлар, аввалги эшиттиришларимизда айтиб ўтганимиздек, уй жамоатларида ҳар бир имонли нимадир хизматда иштирок этиши учун яхши имконият бўлади. Улар ўзаро гаплашишлари орқали бир-бирига ва катта хизматчиларга ўзларининг фикрларини тўлиқ айта олишлари учун ҳам катта имконият бор.
Ўрганувчи бир кишининг фикрини эшитишдан кўра, ўзи фикрлаб саволларига жавоб топса, тушунчаси албатта мустаҳкамроқ бўлади. Имонли биродар ўтириб бировни эшитишдан кўра, хизмат қилиш орқали инъомларини ишлатишни ўрганади ва Худованднинг Шоҳлигида ўз ўрнини топа билади.
Албатта, бундан ташқари, кичик гуруҳлар бир оиладек бўлишади. Чунки гуруҳдаги одамлар бир-бири билан яқинроқ танишадилар ва кўпроқ гаплашишлари учун катта имконият фақатгина уй гуруҳларида бор десак ҳам бўлади.
Уй гуруҳидагилар бир-бирлари билан яқинроқ танишганларидан кейин, қалбидаги нарсаларни бошқалар билан очиқ бўлишишга унчалик уялмайдилар. Уй гуруҳидаги энг яхши имкониятлардан бири — биродарлар бир-бирлари учун ҳалол хизмат қилишга одатланиб борадилар.
Кўпчиликнинг фикрига қараганда, уй гуруҳлари нафақат Ўрта Осиёда, балки бутун дунёда ўз самарасини бермоқда. Масалан: Хитойда, Туркия, Миср, Америка Қўшма Штатларида ҳам уй гуруҳлари яхши натижага эришмоқдалар. Шу хизмат орқали Худонинг Шоҳлиги янада кенгайиб бормоқда.
Уй гуруҳларига асосланган жамоатларнинг кўпайишига молиявий ҳаражатлар ҳам унчалик кўп сарф қилинмайди. Масалан, уй гуруҳидаги имонли биродарларнинг сони кўпайганида, биргаликда тўпланишлари учун махсус бино қуришга ҳаражатлар сарфлаб ўтирилмайди, оддийгина яна бошқа гуруҳларга бўлинадилар холос.
Бўлиниш натижаларида кичик гуруҳлар янада тезроқ ўсишга ҳаракат қиладилар. Бу дегани, Худованд Шоҳлиги учун қутқарилаётган инсонларнинг сони ортиб боряпти деганидир. Азиз радио тингловчи биродарлар, Раббимиз Исо Масиҳнинг ер юзига қайтиб келиш вақти борган сари янада яқинлашиб келмоқда.
Буни дунёда содир бўлаётган аломатлар ҳам тасдиқлаб турибди. Шуннинг учун ҳар бир имонли Осмон Шоҳлигида Худовандга яқинроқ ўтиришни истаб, бор кучимиз билан Уни хурсанд қилиб хизмат қилишга интилайлик. Шунинг билан, азизлар, бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайрлашишдан аввал сиз, азизларга, интернет сайтимизнинг манзилини яна бир бор эслатиб ўтсам: www.najot.com Хайр, соғ бўлинглар.