3:17

Худонинг сўзи 22

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. “Ўлим водийси зулматида юрсам ҳам, даҳшатлардан мен қўрқмайман. Чунки Сен менга ҳамроҳдирсан, Ўз ҳассангу ва хивичинг менга тасалли берар.”

Довуд оддий чўпон эди. Лекин у ушбу забурда ўзини оддий қўзичоқдай қилиб кўрсатмоқда, қайсики Худованднинг ғамхўрлиги ва ҳимоясига таяна олган. У ўлим водийсига ҳеч қандай қўрқувсиз кириб боришини тан олмолқда, чунки Довуд ўзи билан Худованд бирга эканлигини яхши биларди.

Довуд ўзини тўлиқ Худовандга топшира олган эди. Худованд уни ҳимоя қилишига ва у ҳақида ғамхўрлик қила олишига ишонарди. Агар қўйлар ёнида чўпон бўлса, қўйлар ўзини ҳимояланган ҳисоблайдилар. Авваллари чўпонлар ўзига яраша қуролланган бўлишган.

Масалан: уларнинг хассаларининг учида қармоққа ўхшаш илгич бўлган, агар бирон бир қўзичоқ чуқирликка тушиб қолса, шу илгич билан уларни тортиб олиш осон бўлган. Шу хасса билан чўпон ўз қўйларини ёввойи ҳайвонлардан ҳимоя қилишган. Ўлим водийсида қўйлар чўпонсиз ўзларини ҳимояланмаган сезадилар.

Агарда ёввойи ҳайвонлардан бири чўпонга ҳужум қилиб уни ўлдирса, қўйлар тарқаб кетиши мумкин. Тарқаб кетган қўйларни эса истаган ёввойи ҳайвонлар тутиб олиши ва еб қўйиши аниқ. Азизлар, лекин бизнинг чўпонимиз Исо Масиҳ ҳеч қачон ўлмайди. У тирик. Бизнинг чўпонимиз абадий ўлим кўрмайди, Уни ўлдиришга ҳеч кимнинг кучи ҳам етмайди. У шунчалик кучли ва қудратлидир.

Бизнинг чўпонимиз ёллаб олинган чўпон эмас, ёллаб олинган чўпонлар қўйларга биринчи ҳамла бўлганидаёқ ташлаб қочиб қоладилар. Бизнинг чўпонимиз эса қудратлидир. Ўлим водийсининг сояси ҳеч қачон Уни чўчита олмайди. Чунки шу водийни ҳам Унинг Ўзи яратган.

Ана шу водийни бизнинг чўпонимиз жуда қиммат нархга сотиб олди. Довуднинг ишончи тўлиқ Худованднинг буюклиги учундир. Худованд у билан бирга эканлигига Довудда зиғирчалик ҳам шубҳа бўлмаган. Довуд нафақат Худога ишонган, балки Худо билан бирга бўлса, барча даҳшатлар ҳам, ҳар қандай азобларни ҳам осонгина енгиб ўтишини билган.

Азизлар, Худованд ҳеч биримизни Ўзи бирга бормайдиган жойга жўнатмайди. Фақатгина бизнинг юрагимизда Унга бўлган ишонч сўнмаса бўлгани. Худованднинг этагига ёпишиб, мени барча муаммолардан Ўзинг олиб чиқ, деб айтиш ҳар биримизга Худованднинг биз билан эканлигини кўришимизда катта ёрдам беради. Азизлар, сизлар билан хайрлашишдан олдин интернет сайтимизни сизларга яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Ушбу сайтимиздан ўзингизга керакли бўлган маълумотларни оласиз, деб умид қиламиз. Хайр саломат бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top