Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна, азизлар, сиз билан радио тўлқинлари орқали биргамиз. Шундай имконият учун Худовандимизга миннатдормиз. Азизлар, келинг, бугунги эшиттиришимиз орқали Муқаддас Китобни ўрганишнинг муҳимлиги ва фойдаси ҳақида бироз суҳбат қурсак.
Аввалом бор, биз Муқаддас Китобни нима учун ўрганишимиз керак деган саволга жавоб бериб ўтсак. Аслида Муқаддас Китобни ўрганишнинг ва биз бажаришимиз керак бўлган тўртта сабаб бор. Биринчиси, Муқаддас Китобни ўрганиш — ҳар бир имонли кишининг руҳан ўсиши учун жуда фойдали бўлади.
Иккинчи Тимутий китобининг 3 боби 16 оятида айтилганидек, ўргатиш бу — тўғри ўргатиш учун, фош қилмоқ эса инсоннинг ҳаётидаги нотўғри нарсани фош қилади, тўғрилаш эса доимо тўғри бажаришни кўрсатади, насиҳат эса доимо тўғри йўлдан боришни ўргатади.
Ҳар бир масиҳий учун ҳаётда нима тўғри ёки нима нотўғри эканлигини билиш жуда муҳимдир. Бунинг учун эса ҳаётимиз давомида Худонинг каломига асосланиб яшашимиз лозим. Матто китобининг 6 боби 25 оятдан 34 оятгача бўлган жойда ўзимиз учун яхши намуна топишимиз мумкин. Иккинчи сабаб — амалий ҳаракат.
Каломни ўқиб ўрганганимиздан сўнг, у ҳаётимизнинг бир қисми бўлиши учун барчасини амалда қўллашимиз керак. Масиҳийлар орасида шундай гап бор: “Қандай ваз қилган бўлсанг, шунга амал қилиб яша”. Худди шунга ўхшаб, калом бизга нимани ўргатган бўлса, шуни амалда қўллаб яшашимиз керак.
Масалан, ота-оналаримизга бўйсуниб яшаш бу — Худованд томонидан ҳар биримизга айтилган. Каломдан шу ҳақида ўқиган бўлсак, демак, ўқиганимизни амалда қўллаб, ота-онани ҳурмат қилиб, уларга бўйсуниб яшашимиз керак. Кўпчилик каломдан ўқиб ўрганади, лекин унга амал қилиб яшашни билмайдилар. Ёқуб китобининг 1 боби 22 оятида айтиладики, биз каломни фақатгина эшитувчилари эмас, балки ижрочилари бўлишимиз керак.
Учинчиси эса, каломда айтилган гаплар ҳар биримизга таалуқлидир. Худованд бизга шунчалик яқинки, У ҳар биримизга каломи орқали гапиради. Худованд каломи орқали бошқаларга эмас, аввалом бор, ўқиётган одамга гапиради. Шунинг учун ҳар бир сўзни аввал шахсан менга айтилган деб, қабул қилишимиз керак.
Энди охирги, тўртинчи сабаб ҳақида гаплашсак. Бу ҳосил келтириш. Аввалом бор, каломни ўқиб ўрганиш, Худованд бизни қандай кўришни хоҳласа, худди шундай қилиб ўзгаришимизда ёрдам беради. Бундан ташқари, Худонинг каломи уруққа ўхшайди. Агар биз уни қабул қилсак, ҳаётимиз давомида жуда мўл-кул ҳосил келтирамиз.
Азизлар, шунинг билан эшиттиришимиз ўз поёнига етиб бормоқда, сизларнинг мактубингизни кутиб қоламиз. Бизнинг электрон манзилимиз: dilkash@najot.com Яна радиомиз тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.