Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сизлар билан яна радиомиз қаршисида ғойибона бўлса-да учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. Эфирда “Дилкаш” радиоси.
Азиз радиомиз мухлислари, кўпчилик биродарларимиз жодугарликк ҳақида унчалик кўп маълумотларга эга эмас. Балки шунинг учунми, бу нарсага эътиборсизлик билан қарайдилар. Таврот китобида шундай ёзилган жой бор:
“Орангизда ўғил ёки қизини олов орасидан ўтқазадиган сеҳргар, фолбин, афсунгар, иссиқ совуқ қиладиганлар, руҳ ва арвоҳлардан насиҳат оладиганлар, ўликлардан маслаҳат сўрайдиганлар бўлмасин. Эгамиз бундай қиладиганлардан жирканади.
Мана шу қабиҳ ишлари учун, Худойингиз — Эгангиз ўша халқларни сизнинг олдингиздан ҳайдаб чиқаряпти. Худойингиз — Эгамизга бутунлай содиқ қолинг. Сизлар юртини олаётган ўша халқлар фолбин ва сеҳргарларнинг гапига қулоқ соладилар. Худойингиз — Эгамиз эса сизларга бундай қилишга рухсат бермайди.”
Ҳозирги кунда бизнинг мамлакатимизда ҳам шундай ножўя ишлар билан шуғулланиб келаётган кўплаб инсонлар бор. Уларнинг ўйлашича, қилаётган ишлари орқали бошқаларга ёрдам бераяпман, деб ўйлашади.
Лекин Таврот китобида кўрганимиздек, Худованд бунга ўхшаш номаъқул ишлардан жирканади. Мен яқинда таниқли бир киши билан суҳбатлашиб қолдим. У киши ислом дини бўйича жуда таниқли кишилардан бири.
Албатта, мени қизиқтирган саволлардан бири, нима учун мамлакатимизда фолбинлар, бахшилар ва бошқа турли ножўя ишлар билан шуғулланиб келувчилар кўп деган савол эди. Дўстимизнинг жавоби шундай бўлди. Бунинг тарихи жуда узоқ узоқларга бориб тақалади.
Ҳатто айрим муллалар ҳам ўзлари билмаган ҳолда афсунгарлик ва шунга ўхшаш ишлар билан шуғулланишар экан. Бу эса ҳатто исломда ҳам тақиқланган эканлигини айтиб берди. Демак, кўпчилик инсонлар нотўғри иш олиб бораётганини билади. Шунга қарамай, шу йўлдан бораверишади.
Агар руҳий томондан олиб қарасак, бундай ишлар билан шуғулланувчилар ҳатто ўзларининг қўштирноқ ичидаги “касбларини” ўзларининг авлодига ўтқазишга ҳаракат қилишади. Шундай қилиб, бу ишлар бизнинг давримизгача етиб келган.
Масалан, оддийгина, кечирасиз, аслида буни оддийгина деб айтишимизнинг ўзи нотўғри, балки жиддий деб айтсак, тўғри бўлади. Келин билан куёвни оловнинг олдида айлантириш ҳам катта хатоларимиздан бири. Бунинг ҳам ўзига яраша тарихи бор. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўз фикрингизни бизга ёзиб юборинг деб қоламан. Бизнинг манзил: dilkash@najot.com Хайр, саломат бўлинглар.