Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи биродарлар. Яна ҳаво мавжларида сиз азизлар учун тайёрланган эшиттиришларимиздан бири. Юҳанно мактубининг 18 боби 4 ҳамда 6 оятларидан ўқишимиз мумкинки, Раббимиз Исо Масиҳни тутиш учун аскарлар келганида, Бутрус бошқа шогирдлар билан биргаликда Гетсимания боғида бирга эдилар.
Мана шу аскарлар деганимиз тахминан олтиюз кишилик армия эди. Шу аскарларнинг қўлида турли хил қурол-яроқлар, чироқлар бор эди. Албатта, аскарлар ўзларига нисбатан қаршилик кўрсатилади, деб ўйлашган ва шунга яраша тайёргарлик билан келишган эдилар.
Аскарлар Раббимиз Исо Масиҳни топганларида, У шундай деди: Кимни қидиряпсизлар? Ва ушбу саволга Раббимиз шундай жавобни олди: Насролик Исони. Шунда Раб Исо: Мен ўшаман, деб жавоб берди. Раббимиз Исо Масиҳ ушбу гапларни хали айтиб улгурмасиданоқ, аскарлар орқаларига силжиб ер тубан ерга йиқилдилар.
Айнан мана шу Худованднинг қилган иши Бутрусга қандайдир куч бағишлади. Бутрус зудлик билан ёнидан ўз ханжарини чиқарди-да ва руҳонийнинг ёрдамчисини қулоғини кесиб ташлади. Балки Бутрус ўйлагандир: Биз имон келтирган Худованд шунчалик кучли ва қудратли экан, нимадан қўрқишимиз керак деб.
Кўпчилик айтадики, Бутрус руҳонийнинг қулоғини кесиб ташламоқчи эмасди, аксинча, у тўппа-тўғри унинг бошини мулжалга олган эди. Бутрус шу пайтда бутун римликлар аскарлари билан жанг қилишга тайёр эди. Сабаби, Бутрус барча бўлиб ўтган воқеаларни ўз кўзи билан кўриб турган эди.
У аниқ билардики, Худованд, Раббимиз ва Унинг шогирдлари томонда. Лекин шу онда Бутрус нотўғри ҳаракат қилган эди. Унинг хатоси шунда эдики, у ўз кучига ва инсонавий ҳатти-ҳаракатларига ишониб қолганди.
Аксинча, Раббимиз Исо у билан бирга бўлган пайтида Бутрус тўлиқ Раб Исога ўзини топшириши ва Исо Масиҳ нима деса, шуни амалга ошириши керак эди.
Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, ҳозир ҳам ҳар бир масиҳий турли руҳий жангларда иштирок этишмоқда. Тўғри, бизга кимнингдир қулоғини кесиб ташлашга тўғри келмайди. Лекин шуни билишимиз керак: Худованд доимо ўз фарзандларини ҳимоя қила олади.
Агар Худованднинг олдида юрагимиз тўғри бўлса ва Худога бўйсунувчи содиқ фарзанд бўлсак, нима учун Отамиз бизнинг ёнимизга тушмас экан?! Азиз биродар, Худованд доимо ҳар биримиз билан содир бўлаётган воқеадан хабардордир. Фақатгина У биздан ибодат орқали ёрдам сўрашимизни истайди холос.
Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, ўзимизнинг сайтимиз манзилини сизларга эслатиб ўтсам: www.najot.com Хайр, соғ-саломат бўлинг.