3:19

Муҳаббат нима?

MP3

Муҳаббат нима? Бу туйғуни қачон ким илк бора ҳис этган? Бу туйғуни бизга Яратгувчимиз бебаҳо совға сифатида тақдим қилганидан Унга умримиз охирги дамларигача шукрона қилиб яшасак арзийди. Балки Одам Ато бу туйғуни биринчи бор Момо Ҳавога нисбатан туйгандир? Улар орасида уйғонган яқин бир муносабат, илиқлик дунё яралгандан бери минглаб кишиларни асир этган ўша МУҲАББАТ бўлгандир? Эҳтимол. Бу туйғу сизнинг ҳам қалбингизни, борлиғингизни қамраган бўлса не ажаб! Муҳаббат йўқ дея кўрманг, асло! Яратганнинг бебаҳо инъомини йўққа чиқарманг. У шубҳасиз мавжуд, акс ҳолда бу дунёмиз барбод бўлган, атрофимизда ҳеч бир яхши инсон, ҳеч бир яхши тилак қолмаган бўларди. Муҳаббатни қандай тушунасиз? У қандай туйғу ўзи? Юрак унинг борлиғидан қувонади. Уни сўзлар билан ифода этиш шарт эмас. Ҳақиқий муҳаббат содир бўлса, у бутун вужудни, руҳиятни, кишининг ранги-тусини эгаллаб олади – унинг изҳори шу, сўзга ҳожат йўқ. Ахир бу энг аъло изҳор-ку! Баъзида чет эл филмларида эр-хотинларнинг бир-бирларига “Сени севаман, мен ҳам сени севаман”, деганлари тез-тез учраб туради. Аммо ҳар қандай сўзни кўп ишлатсангиз унинг маъносини унутасиз. Бу оддий сўзга айланиб қолади. Муҳаббат эса бундай хўрликка лойиқ эмас. Муҳаббатни ифодалаш уни изҳор қилиш учун сўзлар шарт эмас. Тасаввур қилинг, сиз телефонда эрингизга ёки хотинингизга бир кунда ўн марталаб “Сизни севаман” десангиз-у, аммо унга оила ташвишларида ёрдамлашмасангиз, унга оғир маъсулиятларни, вазифаларни елкасига ортиб қўйсангиз. Бу севги эмас. Ҳеч бир аёл бундай изҳорни истамас, деб ўйлайман. Мен шундай бир одамни биламан. У аёлига: “Сени севаман”, деб айтмайди. Аммо қалбидаги муҳаббатини ишлари орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. У аёли учун ғамхўрлик қилади. Унинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилади. Қийналганда унга ҳамдард бўлади. унинг кўнглини кўтаришга ҳаракат қилади. Баъзида аёли учун кутилмаган антиқа совғалар қилади. Аммо “севаман” сўзини тилига олмайди. У аёлига нисбатан ишлатиладиган бу сўзни муҳаббатини изҳор қилишга етарли эмас деб билади. Бу сўз унинг қалбидаги муҳаббатини тасвирлаб беришга ожизлик қилади. Дилидагини сўзлар билан тилига чиқарса, худди соҳта бўлиб қоладигандай ҳис этади. Шунинг учун у муҳаббатини ишлари, нигоҳлари ва ғамхўрликлари орқали изҳор этади. Сиз ҳам балки шундай одамни биларсиз? Инжилда шундай сўзлар бор: «Агар мен инсонларнинг ва фаришталарнинг тилларида гапирсаму, лекин севгим бўлмаса, жаранглайдиган мисс чолғу, янграйдиган занг бўлиб қоламан. Агар башоратгўй бўлсам, бутун сирлардан воқиф бўлиб, ҳар қандай илмни билсам…аммо севгим бўлмаса, мен ҳеч нарса эмасман. Агар бутун ер-мулкимни тақсимлаб берсам, ҳатто баданимни ёндиришга топширсам-у, аммо севгим бўлмаса, менга ҳеч фойдаси йўқ. Севги сабрли ва кўнгилчандир. Севги ҳасад қилмас, кеккаймас, шишинмас. Севги бебошлик қилмас, худбинлик қилмас, аччиқланмас, кек сақламас. Севги ҳар нарсани кўтарар, ҳар йўлда ишонч ҳосил қилар, ҳар шароитда умид сақлар, ҳар нарсага тоқат қилар.” Мана шу илоҳий муҳаббатдир!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top