2:53

Руҳий ғалаба 122

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Сизлар билан ғойибона бўлса-да яна радио орқали учрашиб турганимиздан Худовандга ва Раббимизга шукуроналар айтамиз. Азиз биродар, ҳар бир масиҳий инсоннинг ҳақиқий имони синовлар пайтида яққол кўзга ташланади.

Мартин Жонс деган киши шундай деган эди: “Имон турлича бўлиши мумкин. Аслида биз имонимиз мустаҳкам ёки имонимиз бутун деганимизда, ҳали шу имонимиз кўплаб дунёвий эҳтирослардан ташкил топганлигини ўзимиз ҳам билмаслигимиз мумкин.

Қачонки биз руҳий ҳаётимиз давомида шу имонимизнинг қандайлигини фарқлай бошлаганимизда, Худованд бизга турли хил синовларни юборади. У шундай синовларни юборадики, имонимиз худди оловда тоблангандек бўлади.

Худованд шундай синовлар орқали биз, масиҳийларни, ҳақиқий бўлмаган имондан соқит бўлишимиз учун амалга оширади. Кўпчилик масиҳийлар ўйлаши мумкин: менинг имоним ҳақиқийдир ва мен турли хил синовларга нисбатан чидамлиман, деб.

Лекин шундай синовлар бирданига келиши мумкин-ки, биз ўз кучимиз ёки имонимиз билан уларга қарши туролмаслигимиз мумкин. Нима учун шундай бўлади? Сабаби битта, яъни биз руҳий ҳаётимиз давомида биргина энг муҳим бўлган нарсага кам интиламиз, бу — ишонч деган нарсадир.

Масиҳийнинг ҳаётида қанчалик кўп синовлар бўлса, у шунчалик Худовандга ишонишни ўрганади”. Агар кимдир ўз имони орқали ва Худовандга бўлган ишончи орқали турли синовларни енга олса, бу катта ва буюк имондир, деб айтишимиз мумкин. Бундан ҳам юқорироқ юрадиган имон эса, ҳеч қачон ва ҳар қандай шароитда ҳам сўниб қолмайдиган имондир. Ибронийларга мактубининг 11 боби 33 ҳам 34 оятларида шундай ёзилганини ўқишимиз мумкин:

“Улар имон билан подшоҳликларни тўнтардилар, адолатни барқарор қилдилар, илоҳий ваъдаларга эришдилар, шерларнинг оғзини боғладилар. Ловуллаган оташни сўндирдилар, қилич тиғидан қочиб қутилдилар, ҳолдан тойган бўлиб қувватга кирдилар, жангда матонат кўрсатдилар, бегона қўшинларни енгиб даф қилдилар”.

Азизлар, агар биз юқоридаги фикримиздан келиб чиқадиган бўлсак, бундай имон ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Азизлар, эшиттиришимизнинг сўнгида ҳар бирингизга мустаҳкам имон тилаган ҳолда, Раббимизнинг қайта келишини ёруғ юз билан кутиб олишингизни тилаб қоламиз.

Шу билан бирга, азизлар, бизнинг интернетдаги сайтимизга марҳамат қилинг деб, яна бир бор сайтимизнинг манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман. Манзилимиз: www.najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top