2:52

Руҳий ғалаба 130

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли азиз радиомиз мухлислари. Сизлар билан яна ҳаво мавжлари орқали дийдор учрашиб турганимиздан миннатдормиз. Бугун сиз азизлар билан бир неча дақиқа давомида бирга суҳбатлашмоқчиман.

Агар эсингизда бўлса, Раббимиз ўз хизматини бошламоқчи бўлган пайтда шайтон ўзининг ёниб турган камон ўқини Раббимизга қарата отган эди. Бу ҳақида Матто китобининг 4 боби 1 оятидан ўқиб олишимиз мумкин. “Ўшанда Исо, иблиснинг синовидан ўтиш учун Муқаддас Руҳ томонидан саҳрога олиб борилди”.

Раббимиз албатта ушбу учрашувга тайёр эди. Жумладан, У қирқ кун ва қирқ кеча рўза тутди. Шундан кейин шайтон Рабимизни Ўз Oтасига бўлган ишончини сўндириш учун Уни турли йўллар билан васвасага сола бошлади.

Биринчи синовнинг ўзида шайтон Раббимизга тошни нонга айлантиришини сўради. Шайтон ҳам маълум даражада ақлли маҳлуқ деб айтишимиз мумкин. У ҳар бир инсоннинг энг нозик жойини жуда яхши билади ва айнан шу орқали ўзига бўйсундириб, ўзига қул қилиб олиши мумкин.

Шунинг учун ҳам у Раббимизнинг қорни очлигини била туриб, энг аввало тошни нонга айлантиришини сўраган эди. Қорни оч одам қўлида нонни ушлаб туриши анча қийин бўлса керак.

Агар Муқаддас Китобни ўқиб кўрсак, овқат туфайли гуноҳ қилган кўплаб инсонларни кўришимиз мумкин. Жумладан Одам ва Ҳаво ҳам мевани еб гуноҳ қилгани ёдингиздадир. Ёки бўлмаса, Исхоқ билан Ёқуб ҳам бир-бирини алдашида овқат сабабчи бўлган эди.

Бундай мисолларни яна бир нечтасини келтириб ўтишимиз мумкин. Албатта шайтон Раббимизни васвасага солган пайтида у хоҳлаган эдики, Раббимиз Худованднинг рухсатисиз Ўзи билган ҳолда нимадир қилишини ва шу орқали Ўз Oтасига бўлган ишончини сўндирмоқчи эди.

Гўёки Раббимиз: мана, Мен Худонинг яъни Отамнинг ёрдамисиз ҳам кўп нарсаларни қила оламан, деб ўйлашини у хоҳлаган эди. Лекин шайтоннинг ушбу ўйлаганлари амалга ошмай қолди. Чунки Раббимиз Исо Масиҳ шайтонга қандай жавоб беришни яхши билар эди.

Ёдингизда бўлса, Раббимизнинг барча жавоби “шундай ёзилган” ёки “каломда шундай дейилган” деган сўзлар билан бошланар эди. Бу дегани, Худованд шундай деб айтади деганидир. Азиз биродар, доимо Худованднинг каломини ўқиб ўрганиш ва унда ёзилган оятларни ёд олиш — ҳар биримизни имонда мустаҳкам туришимиз учун катта ёрдам беради.

Инсон фақат нон билан эмас, балки Худованднинг каломи билан тирикдир. Азизлар, шунинг билан бугунги эшиттиришимизни якунлаб, сизларга яна ўзимизнинг интернет сайтимизни манзилини эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top