Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг. Азиз биродарлар, хозир шогирд орттириш деган гаплар тез-тез қулоғимизга чалиниб турибди.
Лекин амалда камроқ ишлар бўлаётганини пайқаш қийин бўлмаса керак. Шогирд ортириш самарали бўлиши учун доимий равишда ва кетма-кет бўлиб туриши лозим. Масалан, мактабда болалар худди шундай тартиб билан ўқитилади. Балки шунинг учун бўлса керак, болалар тезда ўқиш ва ёзишни ўрганиб олишади.
Мактабда болаларга осонроқ бўлиши учун барча фанлар қадамма-қадам ўргатиб борилади. Албатта мактаб билан ибодатхона ўртасида катта фарқ бор, лекин иккинчи томондан қарасак, фарқи йўқдек кўринади. Сабаби, иккисининг ҳам асосий вазифаси — бошқаларга таълим беришдир.
Раббимиз Исо Масиҳ ва Павлус ҳам бошқаларга кўпроқ билим бериш ва Худованд ҳақидаги барча ҳақиқатларни ўргатиш учун ҳаракат қилиб келишган. Мактабдаги ўқитувчилар ўзларига керакли бўлган билимни махсус иниститутларда олса, руҳий ўқитувчилар асосан Худованднинг Муқаддас Руҳига суянадилар.
Албатта руҳий ўқитувчилар ҳам қандайдир китоблар ва асосан Муқаддас Китобдан кўпроқ ўрганишга ҳаракат қилишади. Барибир Муқаддас Руҳ ҳар биримизни бошқаришига имкон беришимиз керак. Муқаддас калом одамлар томонида ёзилгани ҳар биримизга маълум.
Лекин улар ўзларининг билимлари орқали эмас, балки Худованднинг турткиси асосида Худованд айтганларини ёзиб олишган. Раббимиз Исо Масиҳ ўз шогирдларини уч йил давомида бирга олиб юрди ва кўп нарсаларни кўрсатди ва ўргатди. Керак бўлганида, уларнинг ўзларини ҳам махсус жойларга боришига рўхсат ҳам берди.
Бу жуда самарали билим бериш усулларидан биридир. Павлус Ефес шаҳрида икки йилдан кўпроқ вақт ўтқазди. У ўз биродарларини Худованднинг каломига асосланиб ўқитди. Ўқитиш ва калом асосида ўргатиш эса ўзининг ажойиб натижасини берди.
Азизлар, келинг, Ҳаворийлар китобининг 19 боби 9 ва 10 оятларида қандай натижалар бўлгани ҳақида ўқиб кўрамиз. “Ниҳоят баъзилар бўйни қотиб, имонни рад қилиб, халқ олдида Раббимиз Исо йўлини ёмонлайдиган бўлишди. Павлус улардан юз ўгириб, шогирдларини улардан ажратди ва хар куни Тиран деган бир кишининг мактабида суҳбатлашарди.
Шу тариқа икки йил давомида хоҳ яҳудий, хоҳ юноний бўлсин, Асия вилоятида яшаганларнинг ҳаммаси Раббимиз Исонинг каломини эшитдилар”. Азиз биродарлар, сизлар билан хайрлашиб, ўзимизнинг сайтимизни манзилини сизларга эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Хайр, саломат бўлинглар.