Ассалому алайкум азиз радио тингловчи мухлислар. Яна эфирда сиз учун “Дилкаш” радиоси. Азизлар, ўзингизни ибодатларингизда радиомиз учун ҳам Худованднинг марҳаматини сўраб туришни ёдингиздан чиқарманг.
Чунки Худованднинг ёрдами ила биз тайёрлаётган эшиттиришларимиз кўплаб хонадонларга Худованднинг сўзларини олиб кирмоқда. Худовандни мана шу қудрати учун ҳам улуғлайлик. Азизлар, биз имон келтирган Худованд нафақат ҳамма нарсани билувчидир,
Балки Унинг Ўзи ҳаммасини олдиндан режалаштирган. Шу билан бирга Худованд келажак ҳақида ҳам ҳаммасини яхши билади. Чунки У бутун борлиқнинг Подшоҳидир. Ҳаммаси Унинг қўлидадир. Шунинг учун ҳам шайтон ҳеч қачон Худовандга қарши ҳеч нарса қилолмайди.
Уни ҳеч қачон йўлидан адаштира олмайди. Ҳатто шайтон Худованд рухсат берганидагина нимадир қилиши мумкин. Чунки Худованд катта қудрат эгаси. Бутун борлиқнинг Подшосидир.
Худованд шайтонга айрим ишларни амалга ошириши учун рухсат беради, лекин унинг қилган кирдикорларини ҳечам оқламайди. Ибтидо китобининг 50 боби 20 оятида шундай оят бор: “Сизлар Менга ёмон ният қилган эдингизлар, лекин Худо буни яхши ниятга айлантириб юборди.
Мана ҳозир кўраётганимиздай, У шу йўсинда анча халқнинг ҳаётини асради”. Худованд энг катта ва энг улуғ шоҳдир, ҳатто У шайтонни ва унинг малайлари устидан ҳам Ўз ҳукмронлигини ўтқаза олади. Худованд шу билан бирга Ўзи яратганларни жуда қадрлайди.
Айниқса инсонлар Худованд учун энг севимли фарзандларидир. Шунинг учун ҳам барча гуноҳкор одамлар Унинг ягона Ўғли Раббимиз Исо Масиҳни хочга михлаб ўлдирганларида ҳам Худованд барча одамларга кечирим бериш учун айнан шу ишга рухсат берди.
Аслида инсонавий фикр билан қарайдиган бўлсак, сизга катта ёмонлик қилган бировни кечиришингиз қанчалик қийин. Буни ҳар биримиз тан олишимиз керак. Лекин Худованд бизга кечирим берди. Чунки У биз, инсонларни, жуда севади. У нимаики қилган бўлса, барчасини биз одамлар учун қилди.
Худо ҳеч қачон Ўз куч қудратидан воз кечмайди ёки Унинг қудрати ҳеч қачон кучсизланиб қолмайди. Забур китобининг 134 боби 6 оятида шундай ёзилган: “Ер ва осмонда ҳам, денгизлар ва ҳамма тубсиз жойларда ҳам Худованд истаганини яратаверади”. Азизлар, шундай ажойиб Худовандни доимо улуғлайлик, доимо Унга таъзим қилайлик. Азизлар, агар бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўллашни истасангиз, манзилимизни эслатиб ўтаман, марҳамат: dilkash@najot.com Яна радио тўлқинлари орқали учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.