3:18

Бахиллик хусусида

MP3

Бундай одамларга учраб қолишдан Худонинг ўзи асрасин. Агар бундай кишига дуч келиб қолсангиз сизга бир қийин унинг ўзига эса минг карра қийиндир. Баҳиллик энг ёмон иллат бўлса ҳам, бахилга раҳм қилиш керак. У шўрлик дунёга келиб, ўзи учун яшай олмайди. У фақат бошқаларни пойлаб юради. У ўша бошқаларнинг ютуқларини кўролмайди. Ўша бошқалар орасида сиз ҳам бўлишингиз мумкин. Бахил сизнинг яқинингизда ҳам бўлиши мумкин. У сиздаги ютуқларни, яхши жиҳатларни кўрса, ранги оқариб-кўкариб бошлайди. Ундай одам бошқаларда борини кўролмайди. Кимда қандай яхши ҳислат ёки яъло қобилият бўлса даров юраги ёмон бўлиб қолади. Ҳа, айтганча бундай одамларнинг юраги ҳам касал бўлади. Бировни сиз деб безовта бўлиши кишини нохуш қилади. Сиз ўзингизни ундан нари оласиз. Битган ишларингизни, ютуқларингизни яшириб қаерга қўйишингизни билолмайсиз. Аммо у бошқалардан суриштириб, ҳидлаб-искаб юриб сизнинг оғзингиздан чиқмаган нарсаларни билиб олади. Сўнг барибир яна ўзига қийин бўлади. Бахилнинг боғи кўкармайди, деган нақл жуда топиб айтилган. Яна бир жиҳатдан қараганда, бахил ҳам Худо томондан юборилган ҳосиятли тортиққа ўхшайди. Йўқ бахилликни Худо яратган деган ўйга борманг. У фақат бахилларнинг дунёда борлигига йўл қўйиб берган ҳолос. Ҳа, ҳа, ўрни келганда дунёда бахиллар борлиги учун шукрона келтириш жоиз: яхши одамларнинг энг яхши насиҳатларини ҳам қулоғингизга олмаслигингиз ёки уларнинг мақтовларидан ҳаволаниб, ўзингизга талабчанликни сусайтириб қўйишингиз мумкин. Бахил бор жойда эса ҳамиша хушёрсиз, ўзингизни текшираверасиз. «Шу қилганингга ҳам манна буни қойиллатай, мана бу ишни охирига етказай”, деб басма-басига ҳаракат қиласиз, кучингизга куч қўшилади. Инсон камолотга етиши учун яхши-ёмон, оқ-қора, хунук-чиройли мавжудликлар аро яшаши самарали экан. Луқмони Ҳакимдан қандай қилиб, бу қадар яхши бўлишга эришдингиз дейишса, «ёмон ишларнинг тескарисини қилиб”, деб жавоб берган эканлар. Шу боис ҳам бахилларни қарғамаслик, ёмон кўрмаслик керак. Муқаддас Каломда: “Биз биламизки Худони севганларга, яъни Худо ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади.” Бу жуда тўғри гап. Бу Худони чин дилдан севадиганлар учун ваъда ҳамдир. Бахилларни кўриб иложи борича уларга ўхшамасликка ҳаракат қиласиз. Менда ҳам шундай ҳислат йўқмикан, дея ўзингизни текшириб қоласиз. Бошқалар олдидан имкон қадар камтарроқ бўлишга, бошқаларнинг ютуқларидан хурсанд бўлишга ҳаракат қиласиз. Бахилни кўриб ўзингизни текширганингизда, хасадни кўрган бўлсангиз, уни тезда йўқотишга ҳаракат қилинг. Бировларнинг ютуқларини кўриб ҳасад қилган бўлсангиз, тезда унинг ўрнини ҳавас билан алмаштиринг. Чунки ҳасад ҳеч кимга яхшилик келтирмайди. Ҳасад билан яшаш киши саломатлигига ҳам салбий таъсир қилади. Ҳар сафар хасад қилишни бошлаганингизда унинг ўрнини ҳавас билан алмаштиришга кучингиз етсин. Шундагина ҳавас билан яшаш қанчалик дилингизга ҳузур бағишлашини ҳис этасиз. Сизга омад тилаймиз!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top