Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи азиз биродарлар. Азизлар, яна радио тўлқинлари орқали сизлар билан дийдор учрашиб турганимиз учун бағоят хурсандмиз. Келинг, бугунги эшиттиришимизни бошлаймиз. Азиз биродарлар, агар масиҳий биродарларимиз билан болаларнинг нажоти ҳақида суҳбатлашиб кўрсангиз, икки хил жавобларнинг гувоҳи бўлишингиз мумкин.
Биринчи биродарларимиз болаларнинг нажот олишига ишонсалар, иккинчи гуруҳдарги биродарларимиз болалар ҳали ёш, улар ҳозир Худованд ҳақида кўп нарсаларни тушунмайдилар, уларга нажот ҳақида гапиришнинг фойдаси йўқ, деб айтишади.
Сизнинг фикрингиз қандай, азиз радио тингловчи? Агар сиз ўз фикрингизни бизга билдирмоқчи бўлсангиз, албатта, бизнинг электрон манзилимизга мактуб йўлланг. Хатларингизни интизорлик ила кутамиз.
Шу ўринда, азиз биродарлар, сизга ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини эслатиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Муқаддас Китобдан болалар ҳақида кўп жойдан ўқишимиз мумкин.
Масалан, Забур китобининг 50 боби 7 оятида шундай гаплардан бирини ўқиб кўрамиз: ”Мен гуноҳкор бўлиб дунёга келганман, онам мени гуноҳ ичида туққан экан”.
Азиз радио тингловчи биродар, ушбу келтириб ўтган оятимиздан маълум бўляптики, демак, инсон боласи туғилишиданоқ гуноҳкордир. Чунки бизнинг авлодимиз, Одам ва Ҳаво гуноҳкор эдилар.
Уларнинг содир этган гуноҳларининг эвазига биронта ҳам гуноҳсиз инсон дунёга келмайди. Шунинг учун болалар ҳам Худованднинг абадий ҳаётига муҳтождир. Эртага болаларнинг ҳаётида нима содир бўлишини ҳеч бир ота она билмайди. Лекин Худованд билан бирга бўлган боладан доимо ота онанинг кўнгли тинч бўлади, чунки Худованд Ўзига ишонганлардан ҳеч кимни шарманда қилмайди.
Дунёдаги одамлар болалар ҳақида доимо бир хил фикр билдиришади. Яъни болалар фариштадек оппоқ, уларда зиғирча ҳам гуноҳ йўқ деб. Аслида эса чақалоқ боланинг ҳам ҳаётида гуноҳнинг айрим намуналарини кўришимиз мумкин. Албатта, у катталардек ҳаракатлари орқали гуноҳ содир этмаслиги мумкин.
Лекин ўзининг чақалоқларга хос ҳаракатлари орқали, жаҳл қилиш орқали ва бошқа бир қанча ҳаракатлари орқали ўзини кимнинг авлодидан эканлигини кўрсата олади. Азиз радио тингловчи биродарлар, болага кичиклигидан Худовандни каломини ўргатиш, уни ўсиб бориш жараёнида кўплаб гуноҳларни содир этишдан асраб қолади.
Шундай экан, азизлар, келинг, ўз фарзандларимизга ва бошқа болаларга Худованднинг ажойиб қутқариш режалари ҳақида гапириб берайлик. Улар ҳам нажотга муҳтож бўлган Худованднинг суюкли фарзандларику! Шунинг билан бугунги эшиттиришимиз ўз ниҳоясига етди. Хайр саломат бўлинг.