3:11

Уй гуруҳлари 35

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчи биродарлар. Сиз азизлар билан радио тўлқинлари орқали бўлсада яна соғ омон учрашиб турганимиздан беҳад хурсандман. Эфирда” Дилкаш “ радиоси, мархамат, тингланг.

1Коринфияликларга мактубининг 12 боби 27 оятида айтиладики, биз барчамиз Масиҳнинг баданимиз. Шундай экан, Масиҳ бизларни ҳар биримизни дунёга нур бўлишимиз учун соғлом бўлишимизни истайди.

Жамоатда, уй гуруҳларида соғлом яшашимиз учун доимо якдил бўлишимиз керак. Эфесликларга мактубининг 4 боби 13 оятида шундай ёзилган оят бор: “Бунинг натижасида ҳаммамиз имонда якдил, Худо Ўғлини таниб биладиган, Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўламиз”.

Масиҳнинг камолига эришган етук одамлар бўлишимиз учун нима қилишимиз керак? Албатта, меҳр муҳаббатли етук оиладек ҳаёт кечирмоғимиз керак. Каломда яна Эфесликларга мактубининг 4 боби 1 оятдан то 6 оятгача бўлган жойни ва 1 Юҳанно 2 боб 9 ҳамда 10 оятларни ўқиб кўришингиз мумкин.

Биз юқорида келтириб ўтган 1 Коринфияликларга мактубининг 12 боби 27 оятида айтиладики: “Сизлар эса Масиҳнинг баданисизлар, Унинг айрим узувларисизлар”. Агар инсон танасидаги айрим узувларни олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг бари, бир бири билан узликсиз боғлиқ.

Агарда улардан биронтасига шикаст етадиган бўлса, инсон танасининг барча ери азоб чекади. Масиҳ жамоатларининг аъзолари ҳам худди шундай гап. Агар етук оиладек яшар эканмиз, биродарларимиздан биронтасининг муаммоси бўлса, бу барчамизнинг муаммомиздек гап.

Оиладагилар доимо бир бирига далда бериб, бир бирини қўллаб қувватлаб ҳаёт кечиришлари керак. Ҳар бир оила аъзоларининг асосий вазифаларидан бири эса Худо ҳақида бошқаларга хабар беришдир.

Бошқа инсонларни ҳам ўз оиласига биргаликда ҳаёт кечиришга таклиф қилишдан иборат. Бу оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ва янада кенгайиб бориши учун жуда муҳимдир. Катта оилага душманлар ҳужум қилишдан доимо хавфсирайди. Оила аъзолари кўпчилик бўлиб, бир душманни енгиши жуда осон.

Оиланинг аҳиллиги эса бир нарсага жуда боғлиқ. Яъни барча аъзолар оила бошлиғига ва унинг кўрсатмаларига қулоқ тутиши оилада тартиб интизом бўлишига олиб келади. Азиз биродарлар, Масиҳ оиласида бир тан бўлиб яшар эканмиз, Худованд доимо ҳар бир оилани Ўз паноҳида асрасин.

Ҳурматли радио тингловчи биродарлар, сизлар билан хайрлашишдан аввал, сиз азизларга, ўзимизнинг электрон почтамизнинг манзилини айтиб ўтмоқчиман: dilkash@najot.com Азизлар, мактубларингизни кутамиз. Хайр омон бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top