3:06

Худонинг сўзи 61

MP3

Ассалому алайкум ҳурматли радио тингловчи мухлислар. Яна сиз азизлар билан эфир орқали дийдор учрашиб турганимиздан бағоят миннатдормиз. “Дилкаш” радиоси яна сизлар билан, марҳамат, тингланг.

Азиз радио тингловчи, “чўпон” деган сўзни эшитганингизда сизнинг кўз олдингизда қандай образ гавдаланади? Менимча, албатта, кўпчилигимиз, айниқса ҳали Худовандни таниб билмаган дўстларимизнинг кўз ўнгида ўз қўйларининг ортидан тиним билмай югуриб юрган кишининг образи пайдо бўлса ажаб эмас.

Албатта, биз жамоатларда ўз хизмати ила Худовандга бағишланган кишиларни тушунамиз. Бундан ташқари, мен чўпон деганда доимо уйида меҳмонларнинг кети узулмайдиган, бемор одамларнинг ҳолидан хабар олувчи, бир биридан хафа бўлган инсонларни яраштириб қўйувчи кишини ҳам тасаввур қиламан.

Бир сўз билан айтадиган бўлсак, Худонинг азиз хизматчиси чўпон бўлади. Чўпонлар учун энг оғир ва қийин бўлган нарса, улар деярли ўз оилаларини кўрмайдилар. Керак бўлса, ўзининг ибодатхонасида ҳам камдан кам бўлади.

.Ҳозирги кунда замонавий профессионал чўпонлар ҳам жуда кўп десак хато бўлмас. Албатта, уларнинг қўлида қайсидир масиҳий мактабларни тугатганлиги тўғрисида дипломлари ҳам бор.

Айрим шунга ўхшаш чўпонлар ўзларича янги методлар билан ўз жамоатларини бошқаришга ҳаракат қилишади. Ибодатхона уларнинг ишхонасидай жойга айланиб улгурган. Хуллас, йигирма биринчи аср чўпони қандай бўлиши керак?

Албатта, мен ишонч билан таъкидлаб айтоламанки, Раббимиз Исо Масиҳ ҳозирги кунда ҳам ҳар биримиз учун ўрнак бўла олади. У ҳар қандай прфессионал чўпондан ҳам устундир. Ҳозирги кўплаб чўпонлар ўз шогирдлари ва жамоатдаги бошқа биродарлар билан кўпи билан икки соат вақт ўтқазиши мумкин.

Агар Раббимизнинг ҳаётига назар солсак, У Ўз шогирдлари билан эртадан кечгача вақт ўтқазган. Керак бўлса, улар билан бирга яшаган ҳам. Исо Масиҳ Ўз шогирдлари ҳақида ғамхўрлик қиларди.

Уларнинг ҳаётларида учраб турадиган турли муаммоларни ечишда имкон даражасида ёрдамлашарди. У Ўзининг ҳар бир шогирдига шунчалик яқин эдики, шогирдлари Раббимиздан ҳеч ажралишни хоҳламас эдилар. Раббимиз жуда меҳрибон, ғамхўр чўпон бўлганига ҳеч биримизда асло шубҳа бўлмаса керак.

Азиз биродарлар, келинг, Раббимиз каби меҳрибон чўпон, ўз қўйлари учун жонини фидо қиладиган чўпон бўлишга ҳаракат қилайлик. Азизлар, сизлар билан хайрлашар эканман, интернетдаги ўзимизнинг сайтимиз манзилини сиз, азизларга, яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман: www.najot.com Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, саломат бўлинглар.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top