Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Масихнинг шогирдларига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Имондаги ака укалар билан дастурхон атрофида ўтириб уларнинг рухий хаёти хақида гаплашиш, насихатлар бериш мураббийликнинг амалий йўлидир. Исо шогирдлари билан юриб, йўл–йўлакай уларга насихатлар берар, уларни ўргатар эди, биз хам Исога ўхшаб бозорга кетаётганимизда ёки хар кунги ишларимизни бажараётганимизда янги имонга келган биродарларимизга мураббийлик қилишимиз, ўргатишимиз, насихат беришимиз мумкин. Бундан ташқари эркаклар иш жойларида ўзларининг хамкорларига гувохлик беришлари мумкин. Мураббийлик қилиш учун тушлик пайтидан хам унумли фойдаланса бўлади. Тўғри, Муқаддас Китобни ўрганиш дарсларидан биз бир хафтага етарлича рухий озиқа оламиз, аммо биз шу билан кифояланиб қолмаслигимиз керак. Яна бир нарсани тушуниб олишимиз керак–ки, мураббийлик қилиш методи хамма одамлар, аёллар, профессионаллар, дехқонлар учун бир хил бўлавермайди.
Шогирд орттиришнинг маъноси нима? Биз нима учун ва қандай қилиб шогирд орттиришимиз керак?” деган саволларга жавоб берар эканмиз, Исо ўз шогирдлари билан нима қилганини яхшилаб кўриб чиқишимиз керак бўлади. Юханно хушхабарининг 17чи бобида қуйидагиларни ўқисак бўлади: Исо Отани зохир қилди, Худонинг каломини топширди, шогирдлари учун ибодат қилди, улар билан бирга бўлиб, уларни асраб юрди. Биз хам шогирдлар орттириб, мураббийлик қилганимизда уларга Муқаддас Калом орқали Худони зохир қилишимиз лозим. Ўз хаётимиздан гувохликлар бериш жуда фойдали бўлиши мумкин, лекин бизнинг асосимиз хар доим Худонинг Каломи бўлиши керак. Ҳаворийлар китобининг 6чи бобидаги 2чи оятда шундай деб ёзилган: “Биз Худонинг каломини ёйиш ишини четда қолдириб, дастурхонга хизмат қилишимиз яхши эмас.”
Агар биз мураббийлик қилганимизда ёки дарс берганимизда ўқувчиларимизга Худонинг Каломини ўргатмасак, мураббийликнинг асосий қисмини писанд қилмаган бўламиз. Худонинг йўллари, ўй–фикрлари бизникидан анча устундир. Ўзимизнинг донишмандлигимиздан хеч қандай фойда йўқ, шунинг учун биз хар доим Худонинг Каломига асосланишимиз керак. Худонинг Каломи хаётимизнинг ва фаолиятимизнинг пойдевори бўлиши керак. Биз ўз шогирдларимизга Худонинг Каломидан ўрганиб олган нарсаларни ўргатишимиз керак, токи улар хам соғлом таълимотга мувофиқ тарзда яшасинлар. Павлус Салоникаликларга қандай муносабатда бўлган бўлса, биз хам Худо зиммамизга юклаб қўйган рухий болаларимизга шундай муносабатда бўлишимиз керак. Уларга мехрибон оталар каби ғамхўрлик қилиб озиқлантиришимиз керак.
Ҳеч қандай дарслар ёки жамоат йиғилишлари, Павлус билан Исо ўзларининг рухий болаларига бўлган мехрибонлигу ғамхўрлигининг ўрнини боса олмайди. Мураббийлик — вақт билан чеклаб бўлмайдиган ишдир. Азизлар, шогирд ортириш хақида гапирадиган бўлсак вақтимиз етмаслиги табиийдир. Келаси сафар биз бу мавзуда яна бир бор тўхталиб ўтамиз. Барча фикр мулохазалингизни dilkash@najot.com электрон манзилимизга йўлланг, ёки www.najot.com сайтимизга ташриф буюриб хабар қолдиринг. Хайир, Худонинг инояти барчангизга ёр бўлсин.