Ассалому алайкум азиз ака ука ва опа сингиллар. Масихнинг шогирдларига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Ўзбекларга мураббийлик қилишда катта самарага эришиш учун, хар бир ўзбек масихий билан алохида иш олиб бориш керак деб ўйлайман. Бу иш фақатгина жамоатдаги бир–иккита одамнинг зиммасига юкласа бўладиган иш эмас, бу ишда хаммамиз иштирок этишимиз керак. Бундан ташқари, “жамоатимизда фақатгина полончи биродаримиз бу ишнинг уддасидан чиқа олади, у яхши имонли, зўр воизчи”, деб хамма ишни ўша одамга ташлаб қўйиш ярамайди. Юқорида айтганимиздай, Худонинг режасига биноан бутун оламга Хушхабарни ёйишда бутун жамоат, яъни сувда чўмдирилган хамма масихийлар иштирок этишлари шарт. Шундай экан, янги масихийларни имонда ўстириш, мураббийлик қилиш айрим одамларнинггина шахсий интилиши бўлиб қолмаслиги керак, бутун жамоат бу ишга бел боғлаши керак.
Павлуснинг Эфесликларга мактубининг 4чи бобида жамоат аъзоларининг жамоатдаги вазифалари хақида ёзилган. Бу бобнинг оятларида, Худо одамларга инъомлар берганлиги тўғрисида ўқисак бўлади. Худо Масихнинг умматини обод қилиш мақсадида, имонлиларнинг хизматга керак бўладиган хамма нарсани таъминлаб берди. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Павлуснинг айтишича бу инъомларни Худо бизга Хушхабарни эълон қилиш учун, ёки йўлдан адашганларни тўғри йўлга солиш учун бермаган экан. Павлуснинг гапига кўра бу инъомлар орқали биз имондаги биродарларимизни рухлантиришимиз ва хизмати учун керак бўладиган барча таъминотини беришимиз керак экан. 13чи ва 14чи оятларга кўра, инъомлар орқали масихийлар имонда улғаишади, мустахкам бўлишади, сохта таълимотларга ишонувчан бўлишмайди. Агар Худо жамоатини мустахкам қилиш мақсадида хар бир имонлига инъом берган бўлса, ундай холда жамоатдаги биродарларнинг рухий ўсишига хар бир одам ўз хиссасини қўшиши шарт, бунга хеч қандай шубха йўқ.
Худо берган инъомлар турличадир, шунинг учун жамоатда хамма хам бир хил ишни бажаравермайди. Хамма хам Инжилдан дарслар ўтавермайди, насихат ёки далда беравермайди. Хар бир имонли киши ўзининг инъоми орқали жамоатга хизмат қилиб, биродарларига Масихда етук одамлар бўлишларига ёрдам бериши керак. Шу орқали уларни хам хизматга чорлаб, биргаликда атрофдаги одамларга Хушхабарни эълон қилишлари керак. Масих баданидаги хеч бир одам, мураббийлик қилиш, Инжил воизи бўлиш ёки хизмат қилиш фақатгина махсус инъомга эга бўлган қобилиятли одамларнинг вазифаси, деб айтиши мумкин эмас. Раббимиз Исо яшашимиз ва Худо йўлида юришимиз учун керак бўлган хамма нарсани бизга Ўзига хос илохий куч-қудрат билан ато этган. Қалбимиздаги Муқаддас Рух хар бир имонли кишига ўзига хос бир инъом ато этган ва ўша инъомларни биз Масихнинг бадани ўсиб улғаиши учун ишлатишимиз керак. Юрагимизда Ўзига маскан қурган ўша Рух туфайли хар биримиз жамоатда хам, дунёда хам хизмат қилишга қодирмиз.
Азизлар, шогирд ортириш хақида фикр мулохазаларингиз бўлса бизга бу хақда dilkash@najot.com электрон манзилимизга хабар йўлланг. Сизнинг фикрингиз биз учун мухимдир. Бизнинг www.najot.com сайтимиз дойим сизнинг хизматингиздадир. Хайир азизлар, Илойим Раббимизга бўлган хизматингиз серхосил бўлсин.