4:12

Фикрларни бошқариш

MP3

Азиз аёллар баъзида шундай пайтлар бўладики, ҳатто энг қўрқинчли фикрлар ҳам бизни қўрқита олмайди ёки кайфиятимизга таъсир этолмайди. Аммо биз аёл зоти жуда мураккаб тузилганмиз. Биз осонгина тушкунликка тушишимиз мумкин. Баъзида бундай тушкунликларнинг сабаби нимада эканини ҳам билолмай қоламиз. Бирор иш билан машғул бўлар эканмиз, ҳаёлимизга ёмонроқ фикр келса ўша фикрлар таъсири остида қолиб, кайфиятимиз тушади ва баъзан эса қийналиб қоламиз. Фикрлар ёки ҳаёлларни учиб юрадиган қушларга ўхшатиш мумкин. Ҳар бир одамнинг ҳаёлига турли яхши ва ёмон фикрлар келиши табиий. Аммо буларни жиддий қабул қилиш ёки уларнинг таъсири остига тушиб қолиш, кишига фақатгина зиён етказади. Боғингиздаги мевали дарахтга қушлар қўнса, уларни ҳайдаб юбориб зарар келтирувчилардан осонгина қутуласиз, тўғрими? Миямизга ёмон ва бемаъни фикрлар келганда ҳам уларни худи қушлардай ҳайдаб юборишимиз мумкин. Азизлар бугунги суҳбатимиз фикрларни бошқариш ва шу борада Худонинг ёрдамини қабул қилиш ҳақида.

Сиз Худони таниб билганингиздан кейин, миянгизга келадиган ҳар хил фикрларни танлаш ва уларни инкор этиш хуқуқига эга бўласиз. Жуда кўпгина қотилларнинг айтишича, уларнинг миясига ўлдириш фикри келган ва улар шу фикрга қулоқ солиб, навбатдаги қотилликни содир этганлар. Кўпчилигимиз миямизга келаётган фикрлар орасида шайтоннинг ҳам ёлғончи ва барбод қилувчи фикрлар борлигини билмаймиз ва уни ажрата олмаймиз. Баъзи ҳолларда эса биз унинг ёлғонларига ишониб қоламиз. Сизда кетма-кет бир хил фикр қийнаган пайтлар бўлганми? Сизнинг, жисмоний ҳолатингизга, кайфиятингизга таъсир қилган, юрагингизга оғриқ берган ёки жисмонан ҳолсизланишингизга сабаб бўлган фикрлар бўлганми? Қачондир, «Шундай қилсам нима бўлади? Ёки балкондан ўзимни ташласам нима бўларкин?” каби дахшатли фикрлар келганми? Балки «нега ўша ерга бормадим. Нега унинг гапига манна бундай жавоб бермадим”, деган фикрлар келгандир? Ўз-ўзингизга ачиниб, дилингизни оғритадиган: “Мен ҳеч кимга керак эмасман”, “Мен мутлақо омадсизман” “Менда яхши сифатнинг ўзи йўқ” “Қўлимдан ҳеч бир иш келмайди” каби фикрлар-чи? Агар сизга худди шундай фикрлар келган бўлса, билингки улар Худодан эмас. Бу фикрлар сизни яратган Худонинг фикрларига мутлақо зид. Улар сизнинг душманингиздан келади. У ёлғон фикрлар бериб сизнинг онгингизни эгаллаб олмоқчи. Ҳаётимизда жуда кўп қийинчиликларга дуч келамиз. Аммо баъзида қийинчиликларимизнинг ҳеч қандай асоси бўлмайди. Бизни барбод қилишни хоҳлайдиган душманимизнинг бераётган фикрларини рост, деб қабул қиламиз. Шу фикрлар туфайли биз тушкунликка тушамиз, қўрқув қамраб олади, ўзимизни ёлғиз ҳис қиламиз ва ташвишланамиз. Буларнинг ҳаммаси ўша бемаъни ёлғонларга ишонганимиз учун содир бўлади. Шунинг учун ҳам бундай фикрлар келганда буларнинг ҳаммаси шайтонинг ёлғонлари эканини эсга олиш керак. Бу фикрларни қабул қилиш ёки инкор қилиш хуқуқингиз борлигини унутманг. Бу эркинликни сизга Худо берган. Ўз эркинлигингизни суистеъмол қилманг. Сиз фикрларингизни назорат қилишни ўрганмас экансиз, сизнинг ўрнингизга фикрларингизни шайтон бошқаради. Биз нима эшитсак, ўқисак, ёки кўрсак буларнинг ҳаммаси бизнинг онгимизни фикрлар билан тўлдиради. Шунинг учун онгингизга келадиган фикрларни саралашингиз керак. ҲАр қандай фикрни ҳам олиш ярамайди. Агар шундай қилсак, миямиз бемаъни фикрларга тўлиб кетади. Энг яхши йўл бу жуда эҳтиётлик билан бу фикрлар Худонинг каломига ёки мен ҳақимдаги ҳақиқатига тўғри келадими, Менинг Худо ҳақидаги билимларимни бойитадими, менга тинчлик берадими, деб тахлил қилишингиз керак. Сиз Худонинг ўзингиз ҳақингиздаги ҳақиқатини эслаш билан, Худонинг каломини ўқиш билан, шайтоннинг ёлғончи фикрларини онгингиздан қувиб чиқара оласиз. Агар бу ишда бир ўзингиз қийналсангиз, бирорта дугонангиздан ёрдам сўранг. Ёки турмуш ўртоғингизнинг ёрдамига суянишингиз ҳам мумкин. Сиз бу ишни уддалай оласиз. Ҳар куни сизга келаётган фикрлар сизга тинчлик, ҳотиржамлик ва шодлик келтирсин!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top