Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Дастур давомида биз сизлар билан нафақат ибодат, баълки Муқаддас Каломдаги оятларни ҳам тилга оламиз. Азизлар, муқаддас ҳаётга эга бўлиш деганда сиз нимани тушунасиз? Сиз имонга келгансиз, яъни Исо Масиҳнинг қурбонлигини тан олиб, Унинг қилган қурбонлигини қабул қилгансиз. Демак, сиз энди муқаддас ҳаётга кириб келгансиз. Келинг, бу ҳақида Худонинг Каломи нима дейишини кўриб чиқамиз. Ҳаворий Павлуснинг Салоникаликларга ёзган мактубининг 4чи бобида,
“Хуллас, эй биродарлар, Худога маъқул келиш учун қандай яшашингиз кераклиги тўғрисида биздан таълим олгансизлар. Ҳозир ҳам шундай яшаётган бўлсангиз-да, бундан кўпроқ равнақ топинглар, деб Раббимиз Исо ҳақи сизлардан ёлвориб сўраймиз. Биз Раббимиз Исо номидан сизларга қандай буйруқлар берганимизни, албатта, биласизлар. Худонинг иродаси шу: муқаддас бўлинглар, зинодан ўзингизни сақланглар. Ҳар бир одам ўз хотинини эплаб, муқаддас ва иффатли сақласин. Худони танимаган халқлар каби шаҳвоний ҳирсга берилманглар.
Бу хусусда ҳеч ким биродарига фириб бериб, ноҳақлик қилмасин. Олдиндан сизларга айтиб, огоҳлантирганимиздек, ҳамма бу ишлар учун Худо қасос олади. Чунки Худо бизларни нопокликка эмас, балки муқаддасликка чақирган. Демак, бу қоидани рад этган киши инсонни эмас, балки сизга Муқаддас Руҳни берган Худони рад этган бўлади. Биродарлик муҳаббати тўғрисида сизларга ёзишнинг ҳожати йўқ. Чунки бир-бирингизни севишни Худодан ўргангансизлар. Зотан сизлар Македония ўлкаси бўйлаб яшовчи барча биродарларингизга ҳам шундай муносабатда бўляпсизлар. Шунга қарамай, сизларни янада кўпроқ равнақ топишга ундамоқчимиз. Биродарлар, биз сизларга: осойишта яшаш, шахсий ишларингиз билан машғул бўлиш, ҳалол ишлашга жон куйдиринглар, деб буюрган эдик. Яна ҳеч кимга муҳтож бўлмасдан, бошқа одамларнинг кўзи олдида одоб билан яшанглар.”
Азизлар, бугунги ибодатни айнан муқаддас ҳаётга эга бўлишимиз учун бағишлайман. Истасангиз, мен билан бирга ибодат қилинг. Отажон, Сенинг муқаддас номинг дойим улуғлансин. Худойим, бизни муқаддас ҳаётга эга бўлишга ўргат. Чунки бу сенинг иродангдир. Ўзимизни зинодан сақлайлик. Ҳар биримиз ўз ҳотинимизни эплаб, ўзимизни муқаддас ва иффатли сақлайлик. Чунки, Сени бизни нопокликка эмас, баълки муқаддасликка чақиргансан. Худойим, бизни шу қадар муқаддас қилгинки, биз билан ҳатто фахрлангиз. Одамлар, ҳаёт тарзимизни кўриб Сен Муқаддасга шукуроналар айтишсин. Қаерда бўлмайлик нима қилмайлик, дойим муқаддас бўлишга жон куйдириб яшайлик.
Яқинимизни Сен ўргатгандек сева олайлик. Раббимиз Исо Масиҳ ердаги ҳаёти орқали намойиш этган ҳаётга эга бўлайлик. Худойим, буни фақат Сенинг Муқаддас Руҳинг амалга ошира олади. Сенсиз, ҳеч нарсага эриша олмаймиз. Сен муқаддас бўлганинг учун, фарзандларинг ҳам муқаддас бўлиши керак. Бунга бор кучимиз билан интилайлик. Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун раҳмат. Бордию ибодат эхтиёжларингиз бўлса, dilkash@najot.com манзилига ҳабар йўлланг ёки www.najot.com сайтида ҳабар қолдиринг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди, бу ҳақда ҳавотир олманг. Хайир азизлар, Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.