3:41

Бир биримизни севайлик!

MP3

Ассалому алайкум азиз радио тингловчилар. Ибодатга бағишланган дастурга ҳуш келибсиз. Дастур давомида биз сизлар билан нафақат ибодат, баълки Муқаддас Каломдаги оятларни ҳам тилга оламиз. Азизлар, яқинингизни севасизми? Бир-биримизни севиш деганда сиз нимани тушунасиз? Келинг, бу саволга жавоб топиш учун, Худонинг Каломига назар ташлаймиз. Азиз Ҳаворий Юҳаннонинг биринчи мактубининг учинчи бобида қуйидаги оятлар бор. Бошда сизлар Масиҳдан эшитган васият шу: бир-биримизни севайлик! Ўз укасини қатл қилган иблис зоти Қобилга ўхшамайлик. Қобил укасини нима учун ўлдирди? Чунки унинг ишлари қабиҳ, укасининг ишлари эса солиҳ эди. Эй биродарларим, агар дунё сиздан нафратланаётган бўлса, ҳайратланманглар.

Биз ўлим ҳолатидан ҳаётга ўтганимизни биламиз, чунки биз биродарларимизни севамиз. Кимки биродарини севмаса, ўлим ҳолатида қолади. Биродаридан нафратланган ҳар қандай киши қотилдир. Ҳеч бир қотил эса абадий ҳаётга эга бўлмаслигини биласизлар. Масиҳ бизлар учун жонини фидо қилди, ана шундан биз муҳаббатни билдик. Биз ҳам биродарларимиз учун жонимизни беришга бурчлимиз. Агар бирор киши фаровон ҳаёт кечираётган бўлса-ю, биродарини муҳтожлик ҳолатида кўриб туриб, кўнглини тош қилса, қандай қилиб у одамда Худонинг севгиси жой олади? (1Юҳанно 3). Азизлар, кўриб турганингиздек, бугунги ибодатни бир биримизни севиш мавзусига бағишламоқчиман.

Истасангиз мен билан бирга ибодат қилинг. Бордию ибодат қилишни билмасангиз, ҳеч ҳижолат бўлманг. Чунки Раббимиз Исо Масиҳнинг илк шогирдлари ҳам, бошида қандай ибодат қилиш кераклигини билишмаган. Истасангиз, бемалол кетимдан қайтаринг. Худойим, Сенинг севгинг энг олий ҳислатдир. Сенинг севгинг бизга нажот берди. Айнан севгинг орқали хазрати Исо Масиҳ биз учун жон берди. Айнан севгинг орқали Раббимиз ўликлар диёридан қайта тирилди. Сенинг севгинг туфайли одамларнинг юраклари ўзгармоқда. Худойим, бизга ҳам севишни ўргат. Раббимиз Исо Масиҳ, биродарингни севгин деганидек, биз ҳам яқинмизни худди шу тарзда севайлик. Худойим, Исо Масиҳ бизни нақадар кучли севганини ҳатто ақлимизга ҳам сиғдира олмаймиз.

Худойим, Қобилга ўхшашни истамаймиз. Аксинча, Исо Масиҳ бизни қандай севган бўлса, биз ҳам биродаримизни худди шу севги билан севишни ўрганайлик. Уларга бўлган севгимиз шу қадар кучли бўлсинки, хатто улар учун жонимизни аямайлик. Раббимиз Исо Масих худди шу ишни қилиб бизга намойиш қилди. Худойим, яқинимизни сўзда эмас, аксинча амалда севишга ўргат. Чунки Сен севги Худосисан. Сенинг севгинг кўп мўжизалга қодир. Худойим, биз ҳам, севгимиз орқали одамларга мўжизалар кўрсатайлик. Одамларнинг қандай бўлишидан, қайси миллатга мансу бўлишидан қайтъий назар севишни билайлик. Худойим, Сенинг муқаддас номинг ила ибодат қилдик. Омин. Азизлар, мен билан бирга ибодат қилганингиз учун рахмат. Бордию, сизда ҳам ибодат эхтиёжи бўлса, бизга бу ҳақда ҳабар қилинг. Биз сиз учун албатта ибодат қиламиз. Хабарларни эса dilkash@najot.com электрон манзилига йўлланг ёки www.najot.com сайтининг ”ибодат эхтиёжлари” деб номланган бўлимида хабар қолдиринг. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Бу ҳақда ҳавотир олманг. Хайир азизлар. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top