«Мисрдан чиққан бир халқ ер юзини босиб кетди. Энди эса улар шундоққина менинг биқинимда ўрнашиб олишди. Мен уларга бас кела олмайман. Сен келиб, ўша халқни мен учун лаънатла. Балки шунда мен Исроил халқини мағлуб қилиб, юртимдан қувиб чиқара оларман. Шуни биламанки, сен кимни дуо қилсанг, ўша дуо олади, кимни лаънатласанг, ўша лаънати бўлади.»
Исроил халқи Миср юртидан чиқиб, Худо ваъда қилган ерга бораётган пайтда, Аммон халқи шоҳидан юртидан ўтиб кетиш учун рухсат сўради. Аммо аммон халқи уларга қарши жанг қилиб, жанда мағлуб бўлишди. Худо Исроил халқига Аммон халқининг ерларини берди. Аммон халқини мағлуб қилганини эшитган Моаб шоҳи, ҳавотирга тушиб Месопотамиялик пайғамбар Баломни юқоридаги хабар билан чақиртирди. Балом Месопотамиялик эди.
У Фрот дарёси бўйида жойлашган Патўр шаҳрида яшайдиган Бавўр исмли кишининг ўғли эди. Моаб шоҳининг гапларига кўра, у анча машхур ва қудратли пайғамбар бўлган. У қандай пайғамбар эди? Унинг яшаган жойини тахмин қилиб кўрадиган бўлсак, У Фрот дарёсининг бошланадиган қисми бўйида яшаган бўлиши мумкин. Маълумки Фрот дарёсининг бошланғич қисми Худо Иброхимга ваъда қилган ерларга жуда яқин. У Исроил халқидан бўлмаса-да, Эгамизнинг пайғамбари бўлган. Нега Худо ундан ғазабланганини биласизми? Моаб шоҳи уни олиб келиш учун чопарлар юборганда, дарҳол бўлмаса-да, унинг таклифини қабул қилиб, Моаб юртига боришга отланди. Худонинг ғазаби келиб, йўлда унинг эшагини тўхтатди. Эшак Худонинг қудрати билан тилга кириб, йўлда фаришта турганини айтди. Балом қилган иши учун Худога тавба қилди. Бироқ Худо унинг Моаб юртига боришига рухсат берди.
Аммо Моаб шоҳи илтимос қилганидай, Исроил халқини лаънатлаш учун эмас, баракалаш учун борди. У Моаб шоҳи ҳузурида турар экан, жуда тўғри жавоб берди. Келинг унинг қандай жавоб берганини бирганликда тинглаймиз: «- Мен сенинг олдингга бундан олдин ҳам одамларимни юборган эдим-ку! Нимага ўшанда кела қолмадинг? Ë мени, етарли даражада тақдирлай олмайди, деб ўйладингми? – Мана, энди келдим олдингга, — деди Балом. – Худо оғзимга солган сўзлардан бўлак мен нима ҳам айта олар эдим?!» У рост гапирган эди. Тилёғламалик қилмади, Худонинг иродасига қарши чиқмади, фақат Худо унинг оғзига нима солса шуни айтишини таъкидлади. Балоқ Баломнинг кўрсатмаларига кўра Эгамизга қурбонлик қилди. Шунда Балом қуйидагича башорат қилди: «Худо лаънатламганни мен қандай қилиб лаънатлайин?!
Эгамиз қарғамаганни қандай қилиб қарғайин…. Яшайди бу халқ ҳаммадан алоҳида, ўзгачадир улар халқлар орасида… Мен ҳам тўғри одам каби оламдан ўтай, илойим, бўлсин уларникидай охиратим бахайр». У уч марта лаънатлаш ўрнига Исроил халқини уч марта дуо қилди. Мўаб шоҳи эса ғазабланиб, уни уйига ҳайдаб юбораётганида Балом унга шундай деди: «Менинг олдимга жўнатган чопарларингга «Болоқ менга саройдаги ҳамма олтину-кумушни берса ҳам, мен Эгамизнинг айтганидан четга чиқа олмайман. Ўз ихтиёрим билан бирор яхши ёки ёмон иш қила олмайман», — деб айтмаганмидим» Бу гаплардан унинг қанчалик тўғрисўз ва Худога садоқатли шахс бўлганини билишимиз мумкин.